Келгуси йилда қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга тушириш нархларга таъсир қиладими? Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов «Газета.uz»га берган интервьюсида ушбу саволга жавоб берди. 2023 йилги солиқ сиёсатига киритилган ўзгартиришлар ҳақида аввалроқ хабар берган эдик.

«Нархларга келсак, уларнинг арзонлашуви рақобатбардош бозорларда мумкин, қолганларида эса бу даргумон, чунки компаниялар солиқ ставкасининг пасайишидан олинадиган барча даромадларни харидорларга бериши даргумон», — деди у.

Молия вазири ўринбосари 2019 йилда ҚҚС ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилганда истеъмол товарлари ва хизматларининг мутлақ кўпчилиги нархлари пасаймаганини эслатиб ўтди.

«Нархларнинг қисқа муддатли пасайиши кузатилган бўлса ҳам, у узоқ давом этмади ва бир йил ичида аввалги даражага қайтди. Бу, биринчи навбатда, истеъмолчиларнинг талаб ва таклифдан келиб чиқиб, амалдаги нархни тўлашга тайёрлиги билан боғлиқ эди», — дея тушунтирди у.

Баъзи экспертларнинг ҚҚСни пасайтириш якуний истеъмолчи учун маҳсулот таннархига таъсир қилиши кераклиги ҳақидаги таъкидларига қарамай, шуни тушуниш керакки, нархга кўп жиҳатдан ҚҚС ставкаси ҳажми эмас, балки маҳсулот (хизматлар)га бўлган талаб таъсир қилади, жея таъкидлади Дилшод Султонов.

Молия вазири ўринбосари, шунингдек, ҚҚС ставкасининг пасайтирилиши Ўзбекистондаги сармоявий муҳитга қандай таъсир қилиши ҳақида гапирди.

«ҚҚС инвестициялар учун нейтрал солиқ ҳисобланади. Компенсация (қоплаш) механизми туфайли қўшилган қиймат иштирокчилари занжирининг узлуксизлиги билан ҚҚС бизнеснинг молиявий натижаларига таъсир қилмайди. Шу боис дунёнинг аксарият давлатларининг солиқ тизимларида даромад солиғи орқали инвестицияларни жалб қилиш имконияти кўзда тутилган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бюджетдан ҳисоб-китоб қилиш ва қоплаш ҳуқуқи ҚҚСни ундириш механизмининг асоси бўлиб, солиқ нейтраллигини таъминлайди.

«Шу муносабат билан 2020 йилдан бошлаб солиқ қонунчилигида сотиб олинган бинолар ва солиққа тортиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган асосий воситалар бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлиқ ҳисобдан чиқариш кўзда тутилиб, корхоналарга зарарни қоплаш чоралари кўрилди», — деди Дилшод Султонов.

2022 йилнинг ёзида у ҚҚС бўйича имтиёзлар «ҳеч қандай» самара бермагани, уларнинг узайтирилиши эса иқтисодиётга зарар етказишини айтган эди. Молия вазири ўринбосари, шунингдек, гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари учун ҚҚС ставкасининг нолга туширилиши сабабли умумий овқатланиш соҳасида солиқ тизимида бўшлиқларни келтириб чиқарганини тан олганди. Ҳозирда Молия вазирлиги «ҚҚСни янада манзилли белгилаш устида тубдан ишламоқда», деган эди Дилшод Султонов