28 декабрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Хоразм вилоятининг Шовот туманида «Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонаси — Савдо маркази»ни қуриш бўйича ишларнинг бориши муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар қилди ИТСВ матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг октябрда Туркманистонга ташрифи чоғида «Хоразм — Тошовуз» чегараолди савдо зонасининг қурилишига бағишланган маросим бўлиб ўтган эди.

Йиғилишда манфаатдор вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирок этди.

Октябрда имзоланган «Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонаси — Савдо маркази»ни ташкил этиш тўғрисидаги Баённомада белгиланган аниқ вазифалар ижроси атрофлича таҳлил қилинди.

ўзбекистон - туркманистон, чегараолди савдо зонаси

Хоразм вилояти Шовот тумани ҳудудидан 3 гектар ер участкаси ажратиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, барча манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан келишиш ва лойиҳани молиялаштириш учун тижорат банкларини жалб қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш юзасидан Ишчи гуруҳлар масъул раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

«Ҳар бир топшириқнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатган ҳолда, лойиҳанинг ҳар бир босқичини сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш юзасидан масъул раҳбарларга топшириқлар берилди», — дейилади хабарда.

ўзбекистон - туркманистон, чегараолди савдо зонаси

Савдо марказининг иш режимларини мувофиқлаштириш, солиқ маъмуриятчилиги, божхона ва чегара назоратида имтиёз ва преференсияларни қўллаш доирасида Туркманистон томони билан ўзаро ҳамкорликнинг жиҳатлари муҳокама қилинди. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида юзага келадиган муаммоларни изчил ва сифатли ҳамкорликда ҳал этиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида мутасадди раҳбарларнинг эътибори икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш мақсадида Савдо марказини қисқа муддатларда ишга туширишнинг аҳамияти ва истиқболларига қаратилиб, лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш доирасида қўшимча вазифалар белгиланди, дея қайд этди вазирлик.