Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚИЗ)да синов тарзида газ-турбинали двигателлар учун JET A-1 авиация ёқилғиси партияси ишлаб чиқарилди, дея хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу ёқилғи Европа сифат стандартига жавоб беради ва халқаро авиация бозорида, жумладан Airbus ва Boeing самолётларида унга талаб жуда юқори, дейилади хабарда.

ФНҚИЗ томонидан ишлаб чиқарилган JET А-1 авиация ёқилғиси Бутунроссия нефтни қайта ишлаш илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказиладиган малака синовларидан муваффақиятли ўтди. Ушбу синовлардан сўнг ишлаб чиқариш технологияси тасдиқланди ҳамда ҳозирда Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигидан мувофиқлик сертификати олинди.

JET А-1 ёқилғи ишлаб чиқариш методологияси ASTM технология стандарти (АҚШ) асосида ишлаб чиқилган маҳсулотдир. ASTM асосида технологик жараённи ташкил этиш учун ФНҚИЗга 3 млн долларлик махсус лаборатория жиҳозлари келтирилди. Лаборатория аккредитациядан ўтказилгани ҳақида тегишли аттестатлар олинди.

«Мувофиқлик сертификатининг қўлга киритилиши заводнинг юқори сифатли ва замонавий авиаёқилғи ишлаб чиқариш қобилиятидан далолат беради. Маҳсулот барча белгиланган стандартлар ва эълон қилинган технология талабларига мос келади», — деди Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакили Алишер Дудоев.

ФНҚИЗ технологик қурилмаларининг конфигурацияси авиакеросин ишлаб чиқариш ҳажмини ойига 8000 тоннагача ошириш ва келажакда маҳаллий ҳамда хорижий аеропортларга етказиб беришни кўпайтириш имконини беради.

«Янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш Фарғона НҚИЗни модернизация қилиш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган асосий устувор йўналишлардан биридир. Мамлакатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонни халқаро транспорт марказига айлантириш бўйича эълон қилинган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, ФНҚИЗ юқори сифатли хомашёни ишончли етказиб берувчисига айланишга тайёр. Биз маҳаллий аеропортларга авиакеросинни етказиб бериш географиясини яратишни ҳамда халқаро ҳаво кемаларига Ўзбекистонда юқори сифатли маҳаллий ёқилғи қуйиб олиш имконини яратишни режалаштирмоқдамиз», — деди ФНҚИЗ директори Ҳабиб Латипов.

Ҳозирги вақтда ФНҚИЗда янги турдаги авиация ёқилғисини саноат ишлаб чиқаришини таъминлаш устида иш олиб борилмоқда.