Ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда «Туркистонбанк» ҳамда Hi-tech bank хусусий акциядорлик тижорат банкларининг банк фаолиятини амалга оширувчи лицензияси қайтариб берилиши юзасидан хабарлар тарқалди. Бу бўйича Марказий банк маълумот берди.

Келтирилишича, Марказий банки Бошқарувининг 2022 йил 7 октябрдаги 22/2-сонли қарорига асосан Hi-tech bank ХАТБдан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинган бўлиб, шу куни тугатиш жараёни бошланган.

Ўз навбатида, Hi-tech bank томонидан қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай манфаатдор шахс судга мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда Марказий банк қарори юзасидан судга мурожаат қилинган.

Банкнинг мурожаати процессуал тартибда кўриб чиқилиши мумкин, дейилади хабарда.

Маълумот учун, октябрь ойининг бошида лицензияси бекор қилинган «Туркистонбанк» бир гуруҳ омонатчиларнинг маблағларини субординар қарз сифатида расмийлаштириши оқибатида, камида 59 киши ўзига тегишли 57 млрд сўм маблағларни қайтариб ололмаётгани ҳақида хабар берилганди. Марказий банк мижозлар мурожаатини кўриб чиқиш жараёнини назоратга олганини маълум қилганди.

Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди Кузатув кенгашининг 2022 йил 18 ноябрдаги қарорига асосан «Туркистонбанк» омонатчиларининг маблағларини муддатидан аввал қайтарилиши белгиланганди.