«Док-1 Макс» дориси таркибида заҳарли модда — этиленгликоль топилди

ССВ 18 нафар бола «Док-1 Макс» сиропини ичиб вафот этганини тасдиқлади. Аниқланишича, дори шифокор рецептисиз, мустақил ёки фармацевт тавсияси билан сотиб олинган ва меъёрдан ортиқ дозада қабул қилинган. Ҳолат ўрганилгач, етти нафар масъул ишдан олинди. Дори савдоси эса тўхтатилди.

«Док-1 Макс» билан боғлиқ ҳолат бўйича жиноят иши ДХХ томонидан қўзғатилди

ДХХ Тергов бошқармаси томонидан 18 бола ўлимига сабабчи бўлган «Док-1 Макс» билан боғлиқ ҳолат бўйича Quramax medical ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев 18 нафар болани сақлаб қололмагани учун уларнинг ота-оналаридан узр сўради.

Сенаторлар 2023 йил учун мўлжалланган давлат бюджети тўғрисидаги қонунни маъқуллади

27 декабрь, сешанба куни бўлиб ўтган Сенатнинг 36-ялпи мажлисида юқори палата вакиллари «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунни маъқуллади.

Сенат «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунни рад этди

Сенаторлар ИИВ ишлаб чиққан «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунни рад этди. Улар бир қатор нормалар бошқа қонунларга мос келмаслигини, баъзан зид эканини айтди. «Қонуннинг бундай шаклда қабул қилиниши жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин», — деди Танзила Нарбаева.

Ўзбекистон ва Япония экология соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида меморандум имзолади

ТИВ раҳбари Владимир Норов бошчилигидаги делегация 22−25 декабрь кунлари «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 9-йиғилишида иштирок этиш учун Токио шаҳрида бўлди.

Тошкент ва Сирдарё вилоятларида турк ҳамда хитой компаниялари электр узатиш тармоқларини қуради

Туркиянинг «ŞA-RA ENERJĪ» ва Хитойнинг «Xian Electric Engineering» компаниялари Энергетика вазирлигининг Тошкент ҳамда Сирдарё вилоятларида 213 километр ва 72 километр узунликдаги юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш тендерларида ғолиб бўлди.

Ўзбекистонда Қатар элчихонаси иш бошлайди

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Владимир Норов Қатарнинг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Ҳасан Ҳамза Ҳошимни қабул қилди. 2023 йилдан бошлаб Тошкентда Қатар элчихонаси иш бошлайди. Учрашувда икки давлат муносабатларининг сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги муносабатлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида Янги йил байрами кечаси қор ёғиши мумкин

«Ўзгидромет» маркази директори Шерзод Хабибуллаев Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида Янги йил байрами кечаси қор ёғиши мумкинлигини маълум қилди. Янги йилнинг илк кунида эса водий вилоятларида қор ёғади.

Террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилиб келган фуқаро 3,5 йилга қамалди

23 ёшли жиззахлик фуқаро «Тавҳид ва жиҳод катибаси», «Туркистон ислом ҳаракати» террористик ташкилотлар тарафдорлари таъсирига тушиб, уларнинг ғояларини интернетда улашиб келган. Улар орасида Конституцияни хилоф тарзда ўзгартиришга даъват этувчи материал ҳам аниқланди. Фуқаро 3 йил 6 ойга қамалди.

14 та туманда «Маҳалла бюджети» тизими жорий этилади

1 январдан солиқларни ундириш кўрсаткичи паст бўлган туманларда «Маҳалла бюджети» тизими жорий этилади. Аҳолининг мол-мулк ва ер солиғини маҳалланинг ўзи ундириб олади. Маблағларнинг 10 фоизи кейинги ойнинг 10-санасигача туман бюджетлари орқали тегишли жамғармаларга йўналтирилади.

Регулятор «Туркистонбанк» ва Hi-tech bank лицензиялари қайтариб берилиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Тармоқларда «Туркистонбанк» ва Hi-tech bank лизенциялари қайтариб берилиши ҳақида хабарлар тарқалди. МБ бунга изоҳ бериб, лицензияси чақириб олинган Hi-tech bank маъмурияти регулятор қарори юзасидан судга мурожаат қилгани ва ушбу мурожаат процессуал тартибда кўриб чиқилиши мумкинлигини маълум қилди.

Ҳар бир вазирликда қисқариш бўлади". Отабек Ҳасанов — давлат хизматчилари сони қандай камайтирилиши ҳақида

Ўзбекистонда 61 та давлат ташкилоти ва 208 та ҳокимиятда 118 минг давлат хизматчиси ишлайди. Вазирлик ва идоралар камайтирилиши ортидан ходимлар сони ҳам қисқаради. «Қайси вазирликдан қанча одам қисқартирилиши ҳозирча маълум эмас. Аммо уларнинг сони аниқ камаяди», — деди Отабек Ҳасанов.

Банкларда доллар курси яна тушди

Тижорат банклари 27 декабрь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 150 — 11 210 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса аксар банкларда 11 250 сўм.

Андижон шаҳри собиқ ҳокими 10 йилга, прокурори 10,5 йилга қамалди

Андижон вилоятида 63 млрд сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштиришда айбланган 45 нафар судланувчининг аксариятига қамоқ жазоси тайинланди. Хусусан, Андижоннинг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров 10 йилга, собиқ прокурор Қурбонали Асқаров эса 10,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Фарғонада Nexia пиёдани уриб кетди

Фарғона шаҳрида Nexia йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборди. Ҳодиса оқибатида жабрланувчи вафот этди.

Статқўм $173 млн га кўмир импорт қилингани ва Қозоғистон статистикаси билан фарқ бўйича изоҳ берди

Ўзбекистоннинг 11 ойлик ташқи савдо ҳисоботида ноябрда 173 млн долларлик кўмир импорти қайд этилди. Статқўм кўмир ва газ кўрсаткичлари алмашиб қолгани, шунинг учун бундай катта миқдорда кўмир олингандай кўринганини маълум қилди. Қозоғистон статистикаси билан фарқ бўйича ҳам тушунтириш берилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Ишингни якунладингми, ҳаммасини унутишинг шарт!» Президентлар ва дипломатларнинг таржимонлари қандай ишлайди?

«Газета.uz» «Профессионал» лойиҳасининг навбатдаги сонида дипломат таржимонлар билан суҳбатлашди. ТИВ ҳузуридаги Таржимонлар бюроси ходимлари улар қандай ишлаши, даромади, оғзаки таржиманинг мураккабликлари, бу касб эгалари қандай қобилият, билим ва кўникмага эга бўлиши шартлиги ҳақида сўзлаб берди.