Сенатнинг 36-ялпи мажлисида «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди, деб хабар берди юқори палата матбуот хизмати.

Мазкур қонун билан 2023 йил учун республика консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2024−2025 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланган.

Таъкидланганидек, қонунга кўра, 2023 йилда мамлакат иқтисодиётида ЯИМ ўсиш суръатлари 5,3 фоизни ва истеъмол нархлари индекси 2022 йилнинг декабрь ойига нисбатан 9,5 фоиз миқдорида бўлишидан келиб чиқиб, давлат бюджети параметрлари ҳисоб-китоб қилинган.

Консолидациялашган бюджетининг даромадлари 2023 йилда 310,7 трлн сўмни ҳамда харажатлар 343,2 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Қонун билан 2023 йил учун ҳукумат ва республика кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд АҚШ доллари миқдорида этиб белгиланмоқда.

2023 йилги бюджет харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар билан бирга) 257,7 трлн сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,1 фоизни ташкил қилмоқда.

Сенаторлар давлат бюджетининг ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағлар миқдорига жиддий эътибор қаратдилар. Қайд этилганидек, таълим соҳаси харажатлари 58,4 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 28,4 трлн сўм, маданият соҳасига 2,5 трлн сўм, спорт соҳасига 2,3 трлн сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 2023 йилда 1,8 трлн сўм йўналтириш белгиланди.

2023 йил учун Давлат бюджетида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишларини молиялаштириш учун 18,1 трлн сўм ажратилади.

Шу билан бирга келгуси йилда жами 52 мингдан ортиқ даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1,1 трлн сўм субсидиялар тўлаб берилиши кўзда тутилмоқда.

Иқтисодиётга ажратилиши режалаштирилаётган харажатлар 36,7 трлн сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,4 фоизни, жами харажатларнинг 14 фоизини ташкил этиб, бу маблағлар асосан томчилатиб суғориш, геологик қидирув ишларини ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда уй-жой коммунал хизматлари билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган.

Мазкур қонун Сенат аъзолари томонидан маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2023 йилги давлат бюджетини 3 соатдан кам вақт ичида (3 ўқишда) муҳокама қилиб, тасдиқлаганди. Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилмади. Ҳужжат деярли бир овоздан, танқидларсиз қабул қилинганди.