Дастлабки таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш ҳисобига 2,8 трлн сўм маблағ тежалади. Молия вазирлиги мазкур маблағларнинг 2,3 трлн сўмини 1−4 синф ўқувчиларининг бепул овқатланишига йўналтириш таклифини илгари сурмоқда.

Бу ҳақда 26 декабрь куни ўтказилган Халқаро пресс-клуб сессиясида молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Жумладан, 2,4 трлн сўм вазирлик ва идоралар штат бирликларини 30 фоизгача қисқартириш ҳисобига, ташкилот ва идораларни мақбуллаштириш ҳисобига бўшайдиган 300 дан ортиқ биноларни сотишдан 300 млрд сўм маблағ бюджетига тушади. Раҳбар лавозими қисқариши кутилаётган тахминан 55 та машинани аукционда сотишдан 16,5 млрд сўм, ҳудудларга хизмат сафарларини камайтириш, онлайн қабул тизимини қўллаш ҳисобига эса қарийб 17 млрд сўм маблағ тежалиши кутилмоқда», — деди у.

Бундан ташқари, давлат бошқаруви аппаратини сақлаш билан боғлиқ харажатларни: констовар ва бошқа харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига 22 млрд сўм иқтисод қилинади.

Расмий тадбирларни ўтказиш бўйича максимал нархларни ўз ичига олувчи меъёрларни белгилаш орқали харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига 18 млрд сўм тежалиши кўзда тутилган.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, мазкур маблағлар ижтимоий соҳага йўналтирилади. Жумладан, аввалига Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида йўлга қўйилган 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш тизими келгуси ўқув йилидан бутун республика жорий қилинади.

«Бунинг учун 2,3 трлн сўм маблағ талаб этилади. Биз албатта, юқорида айтиб ўтилган 2,8 трлн сўмнинг 2,3 трлн сўмини 1−4 синф ўқувчиларини бепул овқатлантиришга йўналтириш таклифини берамиз. Лекин буни қабул қилиш парламент қўлида», — деди Одилжон Исоқов.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 1 январдан Ўзбекистонда ҳукуматга бўйсунувчи мустақил ижро этувчи ҳокимият органлари сони 61 тадан 28 тага қисқартириш, жумладан, вазирликлар сонини 25 тадан 21 тага камайтириш ва 20 та идорани тўлиқ тугатиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолади.