Фарғона вилояти прокуратураси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган номаълум шахс ҳарбий хизматчини автомашинада уриб юборгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Аниқланишича, фуқаро И. М. Cobalt машинасини бошқариб, Тоштепа кўчасида жойлашган ҳарбий қисмга қарашли чегара қўриқлаш постига яқинлашган вақтида чегара постида хизмат олиб бораётган муддатли ҳарбий хизматчи Д. Ў.нинг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмасдан ўтиб кетган.

Сўнгра Д. Ў. рация алоқа воситаси орқали ўзидан 200 метр узоқликда хизмат вазифасини олиб бораётган ҳарбий хизматчи оддий аскар А. Т.га бу ҳақда хабар берган. А.Т. эса ушбу транспорт воситасини тўхтатиш учун унга тўхташ ишорасини берган вақтида ҳайдовчи ҳарбий хизматчининг «қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилиш мақсадида» унга қараб ҳаракатланиб бориб, машинанинг олд қисми билан уни қасддан уриб юборган.

Сўнг ҳодиса жойидан қочиб, яширинган. Оддий аскар А. Т. олган тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат бўйича И. М.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.