Тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут туманининг Ватак маҳалласида аёл ёш боласини шафқатсиз калтаклагани акс этган видео тарқалганди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Видеода боланинг бурнидан қон келгани, шунга қарамасдан, онаси томонидан шафқатсиз калтакланаётганини кўриш мумкин.

«Томоша қил, ҳайми, кайф қил… Сени касрингга бачаларинг (болаларинг — шевада) ем бўлади», — дея тинимсиз болани уради аёл.

Вилоят ИИБнинг қайд этишича, 24 декабрь куни фуқаро Г. О. Россияда ишлаш мақсадида кетган турмуш ўртоғи билан телефон орқали мулоқот қилиш жараёнида ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчиликдан сўнг, турмуш ўртоғига жаҳл қилиб, ўзининг вояга етмаган фарзандини урган. Ҳолатни телефонда тасвирга олиб, видеони турмуш ўртоғига юборган ва вояга етмаган фарзандларини ўлдириш билан қўрқитган.

Ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Г. О.га нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жабрланувчининг аҳволи яхши бўлиб, шифокорлар кузатувида. Жиноят иши вилоят ИИБ назоратига олинган.