Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги таркибида тайинловлар амалга оширилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Абдулла Абдуқодиров президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари лавозимига, Акбар Мусаев ва Рустамхон Азизов агентлик бош директорининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Абдулла Абдуқодиров таниқли иқтисодчи олим, Ўзбекистон тараққиётининг долзарб масалалари бўйича мунтазам сўз юритиб келади, Молия вазирининг собиқ ўринбосари бўлган.

Акбар Мусаев эса бунгача президент Администрацияси сектор мудири лавозимида ишлаб келган.

Рустамхон Азизов Стратегик ривожланиш агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Сентябрь ойида Стратегик ривожланиш агентлиги ўрнига Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташкил этилган эди. Унинг бош директори — Шуҳрат Вафоев.