Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда Шароф Рашидов туманида бир аёл эри томонидан пичоқлаб ўлдирилгани, қотилликка оилавий жанжал сабаб бўлгани айтилган хабар юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 19 декабрь куни соат 18:00 ларда Б. И. (1972 й. т.) ва турмуш ўртоғи Н. И. (1975 й. т.) ўртасида оилавий келишмовчилик сабабли жанжал келиб чиққан. Жанжал вақтида Б. И. ошхона пичоғи билан турмуш ўртоғининг ўнг елка қисмига уриб, оғир тан жароҳати етказган.

Оқибатда Н. И. РШТЁИМнинг Жиззах филиалида кўрсатилган муолажаларга қарамасдан вафот этган. Б. И. процессуал тартибда ушланиб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104- моддаси 3- қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) «д» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Гумонланувчи Б. И. шу вақтга қадар спиртли ичимлик истеъмол қилувчилар ва оилавий жанжалкашлар сифатида ИИОнинг профилактик ҳисобида турмаган. Шунингдек ушбу оила маҳаллада ижобий тавсифланиб, жанжалкаш оилалар рўйхатида турмаган», — дейилади хабарда.