Ўзбекистон президентининг «Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Ҳужжат билан иқтидорли спортчиларни селекция қилиш ва уларни халқаро стандартлар асосида профессионал тайёрлаш мақсадида Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этилади.

Марказлар ушбу ҳудудлардаги гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаблари негизида ташкил қилинади ва ўз фаолиятини 2024/2025 ўқув йилидан бошлайди.

Ўқувчиларнинг умумий контингенти 132 нафарни ташкил этиб, улар 1−11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади (ҳар йили 12 нафар спортчи қабул қилинади) ҳамда ўқувчиларини овқатлантириш харажатлари бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Марказларни замонавий ва халқаро талабларга мувофиқ ташкил этиш (бинолар қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш) «Ўзавтосаноат» ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Шунингдек, қарор билан Гимнастика бўйича ихтисослаштирилган республика болалар-ўсмирлар олимпия захираси спорт мактаби миллий терма жамоаларга захира спортчиларни етказиб берувчи базавий спорт-таълим муассасасига айлантирилади.

Олий маълумотли тренерлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиалларида гимнастика бўйича амалдаги ўқишга қабул қилиш квоталари 2 бараварга оширилади.

Бундан ташқари миллий терма жамоалар гимнастларини Париж-2024 Олимпия ўйинларига пухта тайёрлаш бўйича 1 ой муддатда қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Шу билан бирга, ҳужжатга кўра, гимнастика спорт турларини оммалаштириш мақсадида боғчаларда «Гимнастикага илк қадам» дастури, умумтаълим мактабларида эса «Гимнастика болалар учун» дастури жорий қилинмоқда. Улар болаларда ёшликдан гимнастика билан шуғулланишга кучли мотивацияни шакллантириш, дарсдан ташқари алоҳида гимнастика секцияларини ташкил қилишни назарда тутади.