Ноябрда Veolia Energy Tashkent компанияси Янгиҳаёт тумани Дўстлик-1 массивида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш бўйича пилот лойиҳани амалга оширди, дея хабар қилди корхона матбуот хизмати.

Компания мутахассислари еттита кўп қаватли уйларда рециркуляция (айланма) насослар ўрнатишди.

Ушбу қарор босимни ошириш ва иссиқ сув айланишини оптималлаштириш ва натижада турар-жой биноларида иситишни яхшилаш имконини берди. Насослар иссиқлик таъминотининг умумий балансини сақлашда ўз самарадорлигини кўрсатди.

Veolia Energy Tashkent 230та ихчам рециркуляция (айланма) насосларини сотиб олган ва улар тез орада муаммоли жойларга ўрнатилади.

Муаммоли локациялар «Termis Engineering» дастурий таъминот ёрдамида танлаб олинди. Ушбу илғор кўп функцияли платформа дунёнинг 500дан ортиқ шаҳарларида иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан қўлланилади, дея қайд этди компания.

Тошкент иссиқлик тармоқларини рақамлаштиришдан сўнг, Termis Engineering дастури қўшимча ускуналар ўрнатиш зарур бўлган шаҳарнинг энг заиф ҳудудларини аниқлади. Ҳозир Чилонзор туманидаги учта 12 қаватли уйларда рециркуляцион насослар ўрнатилмоқда. Шунингдек, Яшнабод туманидаги 4та кўп қаватли уйларда ҳам шундай насослар ўрнатилган.

Veolia Energy Tashkent 2023 йилда ускуналарни сотиб олишни ва ўрнатишни давом этади. Ушбу ёрдамчи ускуналарнинг ўрнатилиши амалдаги тарифларга таъсир қилмайди, дейилади хабарда.