Саудия Арабистони делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 23 декабрь куни Ўзбекистон-Саудия бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Унда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида делегациялар раҳбарлари 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 баробарга ошганини таъкидладилар.

Охирги бир неча йил ичида Ўзбекистонда Саудия Арабистони капитали иштирокидаги компаниялар сони 5 баробарга ошди. Саудия компаниялари билан биргаликда энергетика, нефть-кимё, соғлиқни сақлаш, инфратузилмани ривожлантириш, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 17 млрд доллардан ортиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда.

«Ўзбекистон ва Саудия Арабистони бой табиий ресурсларга, улкан саноат салоҳиятига эга. Биз Ўзбекистонда ҳам, Саудия Арабистонида ҳам юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшма корхоналарни ташкил этишимиз мумкин. Келгусида эса минтақавий ва Европа бозорларига, шунингдек, умумий аҳолиси 1,4 млрд дан бўлган зиёд потенциал истеъмолчиларга эга Катта Араб эркин савдо ҳудуди мамлакатларига экспорт қилинади», — деди Жамшид Ходжаев ўз нутқида.

Саудия Арабистони сармоя вазири икки давлат ўртасидаги сармоявий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тарафдори эканлигини билдирди ва Саудия Арабистони тадбиркорларини ўзаро манфаатли шартнома ва битимлар тузишга чақирди.

Нефть-газ ва нефть-кимё саноати, машинасозлик, электротехника, озиқ-овқат, тўқимачилик ва чарм-поябзал саноати, ипакчилик, инфратузилма қурилиши ва туризм каби соҳалар сармоявий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари этиб белгилаб олинди.

Форум якунлари бўйича умумий қиймати 6,4 млрд долларлик ҳужжатлар тўплами, жумладан, Қорақалпоғистонда 1500 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича шартнома, яшил водород объектлари ва улар билан боғлиқ электростанцияларни ривожлантириш бўйича мақсадлар тўғрисидаги хат имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил охирида Энергетика вазирлиги ва Жаҳон банки 2022 йилда Ўзбекистоннинг водород ишлаб чиқариш бўйича техник салоҳиятини баҳолашни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик. Ўрганиш натижаларига кўра, республикада «кўк» ва «яшил» водородни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш режалаштирилган эди.

Водороднинг ранг бўйича градацияси уни ишлаб чиқариш усулига ва чиқарилган углерод изига боғлиқ. Саноатдаги энг «тоза» водород қайта тикланадиган манбалардан энергия ёрдамида сувни электролиз қилиш натижасида олингани «яшил» ҳисобланади. «Мовий» ёки «кўк» водород табиий газдан олинади.