Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судида 28 ноябрь куни бошланган Нукус воқеаларига оид жиноят иши бўйича суд жараёнининг тўртинчи ҳафтаси якунланди. Елубай Абибулаев раислигидаги суд 22 киши айбланувчи бўлган иш бўйича гувоҳларни сўроқ қилишни давом эттирмоқда. Пайшанба ва жума кунлари 1−2 июлда Нукусда содир бўлган воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси жараёнга тўлиқ таркибда ташриф буюрди.

Гувоҳларни сўроқ қилиш ўтган ҳафта бошланган. Ундан олдин фуқаровий даъвогарлар ва жабрланувчилар сўзга чиқишди. «Газета.uz» сўроқ қилинганлар орасида Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир, Қонликўл, Шуманай туманлари ва Нукус шаҳри ҳокимлари, прокурорлари, ички ишлар бўлимлари ва солиқ хизматлари раҳбарлари ҳам борлиги ҳақида ёзганди.

нукус воқеалари, суд, қорақалпоғистон

Судья Елубай Абибулаев (марказда). Фото: Олий суд.

Асосий айбланувчи Даулетмурат Тажимуратов Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси собиқ раиси Мурат Камолов ва собиқ ички ишлар вазири, ЖКнинг ҳозирги раҳбари Аманбай Ўринбоевни гувоҳ сифатида чақиришни сўраган эди. Бироқ ҳозирча улар судга таклиф қилингани йўқ.

Омбудсманнинг Қорақалпоғистон бўйича минтақавий вакили Женисбай Шлимбетовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, шу ҳафта бошида суд Нукус воқеаларига оид алоҳида жиноий иш бўйича ҳибсда сақланаётган 39 нафар айбланувчини сўроқ қилган. Шундан сўнг жамоат кафиллиги остида озод қилинган ёки уй қамоғига ҳукм қилинган 107 нафар айбланувчини сўроқ қилиш бошланди.

нукус воқеалари, суд, қорақалпоғистон

Уларнинг барчаси гувоҳ сифатида қатнашиб, намойиш пайтида қаерда, нима мақсадда бўлгани, Даулетмурат Тажимуратов нутқи акс этган видеолавҳалар уларга қандай таъсир қилгани ва бошқа нарсаларни сўзлаб беришди.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабарига кўра, ҳафта давомида — 19−23 декабрь кунлари — 115 нафар: душанба куни — 8, сешанба куни — 17, чоршанба куни — 29, пайшанба куни — 34 ва жума куни — 35 нафар гувоҳ сўроқ қилинган.

нукус воқеалари, суд, қорақалпоғистон

22−23 декабрь кунлари бўлиб ўтган суд мажлисида Нукус воқеаларини тергов қилиш бўйича парламент комиссиясининг барча аъзолари, жумладан унинг раҳбари, омбудсман Феруза Эшматова ҳам кузатувчи сифатида иштирок этди. Барча йиғилишларда комиссиянинг алоҳида аъзолари, жумладан, депутатлар, ҳуқуқ ҳимоячилари иштирок этмоқда.

нукус воқеалари, суд, қорақалпоғистон

Гулноз Мамарасулова ва парламент комиссиясининг бошқа аъзолари.

Швециянинг Марказий Осиё нодавлат нотижорат ташкилотлари ассоциацияси директори Гулноз Мамарасулованинг «Газета.uz»га маълум қилишича, комиссия аъзолари айбланувчилар, жумладан, «Makan.uz» сайти асосчиси Лолагул Қаллихонованинг тергов изоляторларида сақланаётган шароитлари билан танишган.

Унинг сўзларига кўра, судланувчилар озиқ-овқат, дори-дармон, иш материаллари, жумладан, суд материаллари, айблов хулосалари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тўлиқ таъминлангани, шунингдек, ўз адвокатлари билан мунтазам учрашиб туриш имконига эга эканликларини маълум қилган.

Аввалроқ Бош прокуратура парламент комиссияси сўровига жавобан Қорақалпоғистонда 1−2 июль кунлари юз берган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича жами 171 киши айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинганини билдирган эди. Ҳозирда суди бўлаётган 22 кишидан ташқари, яна бир жиноят иши бўйича 39 нафар айбланувчи судга жалб қилинган.

Шунингдек, Бош прокуратура ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Нукусда намойишчиларга нисбатан қурол ва махсус воситалар қўллангани, шунингдек, икки фуқаронинг ўлими ҳолатлари алоҳида текширилаётгани ҳақида хабар берди. Агар ортиқча куч қўлланилгани тасдиқланса ва иш судга юборилса, жараён очиқ бўлади, дейилади хабарда.