23 декабрь куни Тошкент шаҳрида Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси билан Қорақалпоғистонда умумий қуввати 1500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш бўйича шартномалар имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилди.

Маросимда, Саудия Арабистони Инвестициялар вазири Халид ал-Фалиҳ, ACWA Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян, Ўзбекистон Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Мазкур йирик қувватли шамол электр станцияси 2026 йилда ишга туширилиши, йилига 5,2 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши ва бунинг натижасида йилига 1,5 млрд куб метр табиий газ тежалиши режалаштирилган.

Станцияда 300 МВт/550 МВт-соат электр сақлаш кимёвий батареялари (аккумуляторлар) ўрнатилади. Ушбу батареялар шамол турбиналаридан чиқувчи ўзгарувчан электр энергиясини ростлаб беради.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистонда шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув 2021 йил май ойида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва ACWA Power компанияси ўртасида имзоланган эди. Ушбу шамол электр станцияси ишга туширилгач, Марказий Осиё минтақасидаги энг йириги бўлиши кутилмоқда.