19 декабрь куни Олий судда реабилитация қилинмай қолиб кетган 173 нафар қатағон қурбонлари жами 4 та жиноят иши бўйича оқланди. «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, суд жараёнидан сўнг Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов ОАВ вакиллари билан суҳбатлашиб, уларнинг саволларига жавоб берган.

Унинг таъкидлашича, қатағон қурбонлари номини оқлаш президентнинг 2020 йил 8 октябрдаги «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

қатағон қурбонлари, жиноят иши, собиқ иттифоқ

Икром Муслимов.

«Аҳамият берган бўлсаларингиз, бугунги суд мажлисида асосан, мамлакатнинг 4 та ҳудуди: Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида яшаб, қатағон қилинган шахслар оқланди. Масалан, ўша пайтда Сурхондарёдан қатағон қурбони бўлган жами 147 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Кўпчилигини фамилияси бир-бирига ўхшайди. Яъни бир оиладан бир нечта фарзандлар: ака-укалар ўша пайтда тизимга қарши бўлганлиги, Ўзбекистоннинг мустақиллигини ёқлаб чиққанлиги сабабли жиноий жавобгарликка тортилганлигини кўриш мумкин», — деди у.

Олий суд вакилининг сўзларига кўра, жиноят иши материалларини ўрганиш жараёнида ҳақиқатан қатағон қурбонларининг айблилик масаласи тўлиқ ўрганилмаганлиги, Учлик йиғинининг қарори билан фақат айблов нуқтаи назаридан Ўзбекистон халқи ва миллатини Иттифоққа нисбатан бўйсундириш мақсадида қилинган хатти-ҳаракатлар эканлиги ўз тасдиғини топган.

«Президент фармойиши ижроси юзасидан идоралараро комиссия томонидан жуда катта ишлар амалга ошириляпти. Ҳар битта жиноят ишини топиш, бирма-бир ўрганиш, қайси асосларга кўра, уларнинг жавобгар бўлганини таҳлил қилиш жараёни игни билан қудуқ қазишдек ҳисобланади. Икки соатли судда 173 нафар фуқаронинг оқланиши осон ишдек кўриниши мумкин. Лекин бугунги кунга етиб келгунча икки йил меҳнат қилинганини эътироф этишимиз керак», — деди Икром Муслимов.

қатағон қурбонлари, жиноят иши, собиқ иттифоқ

Суд жараёнидан кадр

Унинг қайд этишича, оқланган шахсларга моддий ва маънавий зарар давлат бюджети ҳисобидан ундирилади.

«Қонун мазмунига кўра, реаблитация асослари ЖПКнинг 37-, 38-моддаларида белгиланган. Агар оқланган шахслар тирик бўлса ўзи, вафот этган бўлса, яқинлари қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим қилган ҳолда, фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилган тақдирда етказилган моддий (қандай зарар етказилганлиги ва аниқ суммаси белгиланиши керак) ва маънавий зарарни ундиришга даво бериш ҳуқуқига эга», — деди Олий суд расмийси.

Икром Муслимов айни пайтда давлат раҳбари имзолаган фармойиш асосида изланишлар қилинаётганини, Иттифоқ даврида СССРнинг Олий судида судланганлар ҳам борлигини айтди. «Уларнинг ҳам жиноят ишларини талаб қилиб олиш ва уларга нисбатан ҳам оқловни қайта кўриб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Унга энди анча вақт, сиёсий ирода талаб қилинади», — деди у.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи директори Баҳтиёр Ҳасановнинг таъкидлашича, президентнинг [ПФ-5598] фармойишини имзоланиши «қатағон даври билан шуғулланувчи олимлар ва академикларни сифат жиҳатдан яна бир юқори поғонага кўтарди».

«Агар қатағон қурбонлари оқланмайдиган бўлса, уларнинг «дело»лари бизга берилмайди, ҳужжатли фильмлар, мақолалар ярата олмаймиз. Буларни тушунмаган одам тушунмайди. Ҳали олдимизда жуда катта вазифалар турибди», — деди олим.

қатағон қурбонлари, жиноят иши, собиқ иттифоқ

Баҳтиёр Ҳасанов

Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари 2021 йилнинг 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросимига ташриф буюрганида, 13 минг одам отиб ташланиб, 100 минг нафар фуқаро қатағонга учраганини айтган.

«Президент томонидан ташкил қилинган 13 та музей жуда катта фаолият олиб боряпти. 60 мингдан ортиқ қатағон қурбонларининг пок номини тиклашга, 40 мингдан зиёдини хотира китобини яратишга муваффақ бўлдик. Мана бундай суд жараёнлари ҳам кетяпти. Демак, мамлакатда тарихий ҳақиқат, адолат тикланяпти, тарихга холислик нуқтаи назардан қараляпти», — деди Баҳтиёр Ҳасанов.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг январида Олий суд 6 та жиноят иши бўйича 120 нафар, 2021 йилнинг августида 6 та жиноят иши бўйича 115 нафар қатағон қурбонлари оқланганди. Шу билан Ўзбекистонда жами 408 нафар қатағон қурбонининг номи оқланди.