22 декабрь, пайшанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишдан кейин қабул қилинди.

Маълум қилинишича, 2023 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси ва 2024−2025 йиллар учун бюджет мўлжаллари асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози асосида ишлаб чиқилган.

Хусусан, 2023 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 5,3 фоиз ўсиши прогноз қилинган. Ялпи ички маҳсулотнинг кўзланган ўсиш суръатлари саноатда ишлаб чиқаришни 5,1 фоиздан юқори бўлиши, хизматлар соҳасида 6,7 фоизга, қишлоқ хўжалигида 3,5 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланиши прогноз қилинмоқда.

Инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси давом этиб, 2023 йилда 9,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Мазкур ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришиш мақсад қилинган.

2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган устувор йўналишларга мувофиқ равишда, солиқ-бюджет сиёсатини амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, устувор йўналишлари сифатида қуйидагиларни белгилаш мумкин:

  1. бюджет сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлигини, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимояни ривожлантиришга;
  2. ҳудудлар, айниқса маҳаллаларнинг долзарб муаммоларни ҳал қилиш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф муҳитни ва табиатни муҳофаза қилишни таъминлаш;
  3. ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб қувватлашни кенгайтириш;
  4. тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятида соф рақобат муҳитини яратилишига замин яратиш, босқичма-босқич солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш;
  5. биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш юзасидан жавобгарлиги, ҳисобдорлиги ва ваколатларини, давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш мақсадида, илғор хорижий тажрибадан ҳамда халқаро молия институтлари экспертларининг тавсияларидан келиб чиққан ҳолда бюджет харажатлари самарадорлигини ошириш устувор вазифалар сифатида белгилаб олинди.

Ушбу мақсадлардан келиб чиқиб, 2023 йил учун давлат бюджети даромадлари (Давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олмаган ҳолда) 232,1 трлн сўм, харажатлари эса 227,9 трлн сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда.

2023  йил учун бюджет


Шунингдек, давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 41,3 трлн сўм миқдорида, харажатлари эса 70,2 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Бунда, давлат мақсадли жамғармаларига республика бюджетидан 29,9 трлн сўм трансфертлар ажратиш белгиланди.

2023  йил учун бюджет


Хусусан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 37,8 трлн сўм, харажатлари 53,5 трлн сўмни ташкил этган ҳолда Давлат бюджетидан 15 трлн сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда.

2023  йил учун бюджет
2023  йил учун бюджет


Давлат молиясини бошқаришнинг халқаро стандартларига мувофиқ бюджет қамровини ошириш ҳамда тўлиқлигини таъминлаш мақсадида, 2021 йилдан бошлаб ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига режалаштирилаётган харажатлар консолидациялашган бюджет таркибига киритилди. 2023 йилда ушбу харажатлар 7,8 трлн сўм миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2023 йил учун консолидациялашган бюджети тақчиллигининг юқори чегараси 32,5 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз миқдорида белгиланмоқда.

Бунда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари 24,7 трлн сўм ёки прогноз қилинаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,3 фоиз миқдорида тақчиллик билан режалаштирилган. Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармаларининг тақчиллиги давлат ички ва ташқи қарзларини жалб қилиш ҳамда бюджетларнинг йил бошига қолдиқ маблағлари ҳисобидан қопланади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлари қонун лойиҳасида 65 та биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари (вазирлик ва идоралар) кесимида тасдиқланмоқда.

Идоралар рўйхати билан танишиш қуйидаги ҳавола орқали.

Молия йили якуний санаси ҳолатига Ўзбекистон номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган давлат қарзи қолдиғининг миқдори жорий йил ялпи ички маҳсулотига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги белгилаб қўйилмоқда (10-модда).

Бунда, 2023 йил учун ҳукумат номидан ва республика кафолати остида ташқи қарзни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд АҚШ доллари, шундан Давлат бюджетини қўллаб қувватлаш учун — 2 млрд АҚШ доллари, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун — 2,5 млрд АҚШ доллари миқдорида белгилаш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажмини — 17 трлн сўм (2022 йил учун дастлаб 6 трлн сўм, кейинчалик 12 трлн сўм бўлган) миқдорида белгилаш, бунда, молия йили давомида чиқариладиган ҳамда жорий йилда сўндириладиган Ўзбекистон Республикаси давлат қимматли қоғозларини чекланган соф ҳажмга киритмаслик таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасининг тўлиқ шакли билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Аввалроқ, Қонунчилик палатаси 2023 йилги давлат бюджетини 3 соатдан кам вақт ичида (3 ўқиш вақтини жамлаганда) муҳокама қилгани ва тасдиқлагани ҳақида хабар берилганди. Қонун лойиҳасининг ўзи қарийб бир ҳафта олдин қуйи палатага киритилди ва жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилмади. Ҳужжат деярли бир овоздан, танқидсиз қабул қилинди.