Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раиси буйруғи билан Гаипов Шукуржон Умарович 2022 йил 21 декабрдан бошлаб Тошкент халқаро аэропорти директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар қилди.

Бу лавозимда у акциядорлик жамияти бошқаруви қарори билан аэропорт директори лавозимини тарк этган Мирзоҳид Турсунов ўрнини эгаллади.

Ўзбекистон Миллий университетининг сиёсатшунослик факультетини тамомлаган Шукуржон Гаипов меҳнат фаолиятини Тошкент аэропортида ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатишни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўлимида муҳандис сифатида бошлаган. 2018 йилдан ҳозиргача «Тошкент-1» ҳукумат терминали раҳбари лавозимида ишлаб келган.

Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airports АЖ республиканинг 11 та халқаро аэропорти бошқарувини амалга оширувчи компания ҳисобланади.