Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда вояга етмаган шахс билан ИИО ходими ўртасидаги оғзаки можаро акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

18 декабрь куни тахминан соат 14:30 ларда вояга етмаган 2007 йилда туғилган Ю.С. «102» рақамига қўнғироқ қилиб, Бектемир туманидаги савдо мажмуаларидан бирида қандолат маҳсулотлари ходимлари билан ўзаро жанжаллашгани юзасидан хабар берган.

Видеода бола ходиса тўғрисида оғзаки ариза берганда ҳам ходим уни рўйхатга олишга мажбур эканини эслатиб ўтган. Ходим эса фақат бориб ариза ёзиш кераклигини айтган ва болага қўполлик қилишда давом этган.

«Мазкур хабар юзасидан етиб келган туман ИИО ФМБ ППХ ходимлари вояга етмаган Ю.С.га нисбатан қўполлик қилган. Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти фуқароларга нисбатан ходимлар томонидан қўпол муомалада бўлиш ҳолатларини қоралайди», — дейилади хабарда.

Видеодаги ҳолат юзасидан ички ишлар органлари ходимларига нисбатан хизмат текширув тайинланди. Таъкидланишича, қисқа муддат ичида хизмат текшируви якунланиб, айбдор ходимларга нисбатан қатъий чора кўрилиши таъминланади.