Тошкентда 60 ёшли блогер, «Патанатомия страны Уз (Ўзбекистоннинг патанатомияси)» Telegram канали (ҳибсга олинганидан кейин ўчириб ташланган) ва 5660 обуначига эга You Tube канали эгаси Шахида Саломова (Шаҳиня Королева) қўлга олинди.

Тошкент шаҳар ИИБ маълумотларига кўра, фуқаро А.Г. (тахминан 52 ёшли блогер Алексей Гаршин, бу ҳақда Саломова бир ҳафта олдин видео жойлаган) ИИБ тергов бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, уни ижтимоий тармоқларда ҳақорат қилиб, туҳмат қилган Шахида Саломовага нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

«Мурожаат асосида ўтказилган текширув жараёнида олинган экспертиза хулосасига кўра, Ш. С. томонидан А.Г.га нисбатан айтилган аудиоёзувларда ҳақоратли сўзлар мавжудлиги аниқланган», — дейилади ИИБ хабарида.

Шоҳида Саломова Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш) ва 140-моддаси 2-қисмида (Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш) назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли гумон қилинувчи сифатида терговга жалб қилинган.

Ҳар иккала моддада ҳам БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача жарима (60 млндан 120 млн сўмгача) ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо назарда тутилган.

«Жиноят иши доирасида унга нисбатан Ш. С.нинг руҳий ҳолатини текшириш мақсадида суд-психиатрия экспертизаси тайинланди. Суд ажримига кўра, гумонланувчи Ш. С. тиббий муассасага жойлаштирилган.

Департаментнинг таъкидлашича, тергов давомида «барча процессуал талаблар тўлиқ бажарилган». Улар, шунингдек, адвокат Шахида Саломованинг тергов жараёнида иштирок этиши учун «ҳеч қандай монеликлар йўқлиги»ни таъкидлади. Тергов давом этмоқда.

Ўзини Саломованинг қизи деб таништирган Камола Камолова 20 декабрь куни Facebook`даги саҳифасида «Тошкентдаги маҳаллий ҳокимият вакиллари» онасини 18 декабрь куни уйидан олиб кетишганини айтди.

«Ўшандан бери биз у билан боғлана олмадик, унинг соғлиғи ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. 19 декабрь куни дарҳоль унинг қаердалигини билиш учун адвокат ёлладим. Адвокат уни Тошкент шаҳар ИИБдан топди. У ўзини мижозга қабул қилиниши керак бўлган мансабдор шахс сифатида таништирган. Афсуски, унинг барча илтимослари инобатга олинмаяпти, сўнгги хабарларга кўра, бу иш бўйича дастлабки суд мажлислари расмий адвокатсиз ўтяпти. Баъзи сабабларга кўра, [жамоат] адвокати бор эди (у кимлигини билмаймиз), — деб ёзади у.

Унинг сўзларига кўра, Шахида Саломова қандли диабет, астма каби сурункали касалликларга чалинган ва доимий шифокор назоратига муҳтож.

«Одатда, у ҳеч қачон уйдан кераксиз вазиятларда чиқмайди, чунки у доимий равишда шифокор назоратида бўлади ва даволанади. Қандай куч бундай шафқатсиз ва адолатсиз муносабатга олиб келиши мумкин. Сўнгги маълумотларга кўра, у туҳматда айбланган! Қачондан бери бундай айбдорлик учун (исботланмагунча) бундай қаттиқ чоралар қўлланяпти? У ҳатто тирикми?! Нимани яшираяпсиз?! Онам Шахина Эргашевна Саломовани озод қилинг!» — деб ёзади Камола Камолова.

ОАВ маълумотларига кўра, қўлга олинишидан олдин Шоҳида Саломова ўзининг Telegram-каналида электр, шаҳар телефонини ўчириб қўйгани, тўрт нафар номаълум шахс эшик олдида туриб, очишни талаб қилганини айтган аудиоёзувни эълон қилган. Шундан сўнг аёл ғойиб бўлди.

Блогер аёл аризасига асосан жамоатчилик фаоли Алексей Гаршин ҳақорат қилишда айбдор деб топилиб, май ойида 108 млн сўм жаримага тортгани маълум бўлганди. Жарима ҳақидаги маълумотни блогернинг ўзи «Газета.uz»га тасдиқлаган.