Ўзбекистонда ҳокимларни сайлаш тизимига ўтиш Конституцияга киритилаётган янги ўзгаришларга боғлиқ. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров маълум қилди.

маҳаллий кенгашлар, ҳокимлар сайлови, толибжон мадумаров, конституциявий ислоҳот

«Ундаги (Конституцияни ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси (.pdf) назарда тутилмоқда — таҳр.) 99, 100, 101-моддаларда маҳаллий кенгашларнинг бўлиниши (ҳокимият ва кенгаш ажратилиши — таҳр.) масаласи қўйилган. Яъни, ҳоким маҳаллий кенгашга раислик қилмайди, маҳаллий кенгашга депутатлар ичидан алоҳида раис сайланади. Ҳоким эса халқ томонидан сайланади. Булар қонунда турибди. Кейинги йилга референдум ўтса, Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар маъқуллангач, бу тартиб кучга киради. Лекин унгача тайёргарлигимиз бор, биз буёқдаги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаб қўйдик», — деди Мадумаров.

Унинг сўзларига кўра, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Маҳаллий кенгаш назорати тўғрисида»ги қонунларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилган, тайёр турибди. «Бу қонун лойиҳаларида ҳокимларни сайлаш ҳам кўзда тутилган. Конституция маъқулланганидан сўнг тизим ва шакл қонун билан ўзгаради», — деди сенатор.

Маълумот учун, 25 июнь куни эълон қилинган Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига кўра, янгиланаётган Конституциянинг 99, 100 ва 101-моддаларида ҳокимларни сайлаш ҳақида сўз бормайди. 99-модда ҳокимлар энди халқ депутатлари кенгашларига раислик қилмаслиги ҳақида бўлса, ҳокимларни ким тайинлаб, ишдан олиши 102-моддада кўрсатилган ва бу масала амалдаги Конституциядаги каби ўзгаришсиз қолган: вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларини президент тайинлаб, ишдан олади, шаҳар ва туманлар ҳокимларини эса вилоят ва Тошкент шаҳри ҳокимлари тайинлаб, ишдан олади.

Қайд этиш жоиз, президент Шавкат Мирзиёев ҳокимларни лавозимга сайлашни биринчи бор 2016 йилнинг декабрида таклиф қилганди. 2017 йилнинг августида у ҳозироқ ҳокимларни халқ сайлаши тизимини жорий этишга тайёрлигини билдирганди. 2020 йилнинг сентябрь ойида давлат раҳбари яна бир бор, «Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз», дея таъкидлаганди.

2021 йилнинг февралида депутат Расул Кушербаев халқ ҳокимларни сайлашга тайёр эмаслиги ҳақидаги фикрга кўшилмаслигини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, «рухсат бераётганларнинг ўзи тайёр эмас». «Уларда қўрқув бўлиши мумкин. Қайси маънода, улар хоҳлаган одамни, одамлар сайламаслиги мумкин», — деганди у.

2021 йилнинг мартида эса Шавкат Мирзиёев мамлакат ҳокимларни сайлашга ҳозир тайёрми, деган саволни қўйган. Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида у: «Ҳокимлар ҳам сайлансин, деган гаплар ҳам жуда кўп айтилаяпти. Буни мен ўзим ҳам айтганман. Лекин бир савол бор: ҳокимларни сайлашга биз ҳозир тайёрмизми? Биз битта маҳалла раисини ҳам адолатли сайлай олмаймиз-ку», — дея таъкидлаган.

Бундан ташқари, 2022 йил бошида «Газета.uz» 2019 йилги Давлат дастурига кўра, 6 ой ичида ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши раиси мақомини бекор қилишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, бироқ қабул қилинмай қолиб кетгани ҳақида ёзганди. Адлия вазирлиги ўшандаёқ лойиҳани ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб, ижобий хулоса берган. Қонунчилик палатаси маълум қилишича, «ҳужжат қуйи палатага келиб тушмаган, шу сабабли муҳокама қилинмаган». Ўша вақтда бу ишларнинг ижросига масъул бўлганлар эса бошқа ишга ўтиб кетган.