Фарғона вилояти Учкўприк туманида эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

21 декабрь куни 08:30 ларда Учкўприк тумани ИИБ навбатчилик қисмига берилган хабарга кўра, туманнинг «Чорбоғ» МФЙ Юксалиш кўчасида яшаган 1977 йилда туғилган Э. Ш. ва унинг турмуш ўртоғи 1995 йилда туғилган Э. К. яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб ходиса жойида вафот этган.

Кўздан кечириш давомида яшаш хонадонининг ёнма-ён жойлашган ётоқхонаси ва ювиниш хонасига қўлбола усулда ясалган, темирдан ишланган печка ўрнатилгани, печка шланг орқали пропан газ балонига уланиб, иситиш учун мослангани, ҳодиса содир бўлган куни эса хонадонда газ тўлиқ ёнмасдан, ис гази ажралиб чиққани аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада уйидаги газни текшириб кўриш учун гугурт чаққан фуқаро, Қашқадарёда 13 ёшли бола ва бир оиланинг уч нафар аъзоси, Хоразмда фуқаро ва унинг невараси, Бухоро вилоятида 5 кишилик оила, Тошкент вилоятида эр-хотин ва уларнинг 3 ойлик чақалоғи, Наманганда қайнона, келин ва набира, Фарғонада эр-хотин, Қашқадарёда 17 ёшли қиз, Хоразмда ижарада турган икки йигит, Жиззахда қария аёл ва унинг икки набираси ҳамда Бухорода 2-синф ўқувчиси ис газидан ҳалок бўлганди.