Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик мавзуси охирги пайтлар жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Бу каби ҳолатларда айримлар аёлларни айбласа, баъзилар эркакларнинг ҳатти-ҳаракатини қораламоқда. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти мутахассислари зўравонликка учраган аёллар ўртасида социологик тадқиқот ўтказди.

«Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов мазкур тадқиқот жараёнлари ва натижалари юзасидан «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи Хуршида Сайидвалиева билан суҳбатлашди.

5 та ҳудуддан 420 нафар респондент

Хуршида Сайидвалиеванинг қайд этишича, аёллар зўравонлиги ўта жиддий бўлганлиги учун бу масала доимий равишда таҳлил қилиб борилади. Мазкур тадқиқот 2022 йилнинг апрель-сентябрь ойларида мамлакатнинг 5 та ҳудуди: Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг турли нуқталарида яшовчи 420 нафар респондент ўртасида ўтказилган.

«Социологик тадқиқот ўтказишдан мақсад — оилада хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини ўрганиб, хулосалар асосида сабабларга қарши курашиш учун таклифлар ишлаб чиқишдан иборат. Ушбу тадқиқот учун ҳудуд ва иштирокчилар мақсадли танлаш асосида саралаб олинган. Жараёнга 18 ёшдан 34 ёшгача бўлган аёллар қамраб олинган бўлиб, уларнинг барчаси бевосита тазйиқ ва зўравонликка учраган. Респондентларнинг 30 фоизга яқини шаҳарларда, қолган қисми эса қишлоқ жойларида истиқомат қилади», — деди у.

Институт вакилининг сўзларига кўра, тадқиқот мобайнида қатнашчиларнинг оилавий ҳолати ўрганилган. Уларнинг 55,2 фоизи турмуш қурганини, 33 фоизи ажрашганини, 5,9 фоизи бевалигини, 3 фоизи шаърий никоҳда эканлигини маълум қилган.

Оилавий низолар борасидаги фикрингиз қандай?

Респондентларнинг оилавий низолар борасидаги фикрлари ҳам эшитилган. Таҳлилларга кўра, 67,8 фоиз аёл уйида мунтазам низолар бўлишини айтган. 27,5 фоизи баъзан, 4,7 фоизи деярли низолар юз бермаслигини билдирган. Қарийб 45 фоиз иштирокчи низоларнинг қай даражада тез-тез содир бўлишини аниқ айта олмаган ёки хоҳламаган. Ҳар бешинчи респондент (17 фоизи)нинг оиласида ҳафтада бир неча маротаба низолар бўлиб туриши хавотирли ҳолат сифатида баҳоланган.

Маълумот учун: тадқиқот натижаларига кўра, 39,9 фоиз респондент совчилар орқали, 33,9 фоизи ўзаро симпатия сабабли, 21 фоизи ота-онасининг хоҳиш-иродаси билан никоҳ қурганини айтган. Айрим ҳолатлар ҳанузгача мажбурий никоҳлар учраб туришини кўрсатмоқда.

Кўпроқ ким билан низога борасиз?

Оилавий муносабатлар таҳлили ўрганилганда, турмушдаги низоларнинг ўзига хос хусусиятлари эр ва хотиннинг ёшига бевосита боғлиқлигини намоён қилган. Жумладан, 67,8 фоиз респондент кўп ҳолларда турмуш ўртоғи билан, 34,5 фоиз иштирокчи эса қайнонаси билан ўртасидда турли низолар юзага келишини таъкидлаган.

Бундай жавоб берганлар орасида 18−35 ёш оралиғидаги респондентларнинг улуши кўплиги кузатилган. Бундан ташқари, 35 ёшдан юқори бўлган қатнашчиларнинг оиласида ота ва онанинг фарзандлари билан зиддиятлари кўпроқ учраши маълум бўлган.

Нима учун низолар келиб (чиққан ёки) чиқади?

Мазкур саволга берилган жавоблардан кўриш мумкинки, оилавий низоларнинг келиб чиқишига бир қанча омиллар сабаб бўлмоқда. Респондентларнинг қарийб ярми — 45,3 фоизи эр ва хотин ўртасида ўзаро тушунишнинг йўқлигини, 37,9 фоизи моддий қийинчиликларни, 25,3 фоизи карьера қилганини оиланинг бузилишига бир сабаб сифатида кўрсатган.

зўравонлик, тадқиқот, хотин-қизлар

Фото: «Газета.uz».

Тазйиқ ва зўравонлик сабаблари

Тадқиқотда қатнашган аёлларнинг 39,4 фоизи ўзбек оилаларида эрнинг аёлига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳаракатларини қўллашига кўп ҳолларда хотиннинг эрга гап қайтаришини сабаб, деб билади. 26 фоизи эрининг нафсониятига, 26,3 фоизи эрининг яқин қариндошлари нафсониятига тегишини айтган.

Ўзбошимчалик билан иш тутиши (25,3 фоиз), эрнинг ёмон кайфияти (24,4 фоизи) туфайли ҳам тазйиққа учраганини қайд этган респондетлар бор.

зўравонлик, тадқиқот, хотин-қизлар

Фото: «Газета.uz»

Айрим ҳолатларда эр ва хотин ўртасида муҳаббатнинг йўқлиги (17,7 фоиз), эрнинг ичкиликка ружу қўйиб, маст ҳолатда бўлиши (15,7 фоиз), уй-рўзғор ишларидаги камчиликлар (11 фоиз), телефондаги шубҳали ёзишмалар (7,4 фоиз), хиёнат (3,2 фоиз) сабабли оилада зўравонлик ҳолатлари юзага келган.

Аёлларнинг зўравонлик борасидаги тасаввурлари қандай?

Тадқиқот давомида шу нарса аён бўлдики, респондентлар биринчи навбатда жисмоний зарар етказилгандаги ҳатти-ҳаракатларни оиладаги зўравонлик ва тазйиқ, деб билади.

Таҳлилларга кўра, калтаклаш, уриш, итариш, чимчилаш, қўлни буриш (83,8 фоиз), қўрқитиш (80,4 фоиз), болалар, мол-мулк ва ҳоказоларни ўртага қўйиб, бирор нарсани бажаришга мажбурлаш (81,5 фоиз), фарзандларини сабабсиз қаттиқ жазолаш (76,5 фоиз) кўринишидаги ҳатти-ҳаракатлар оиладаги зўравонлик шакллари сифатида баҳоланган.

зўравонлик, тадқиқот, хотин-қизлар

Фото: «Газета.uz»

Кейинги ўринлардан кўпроқ психологик таъсирлар ҳамда тақиқлар ўрин олган бўлиб, уларга ҳақорат қилиш ва сўкиш (72,4 фоиз), ишлаш ва ўқишни тақиқлаш (68,7 фоиз), дўстлар ва қариндошлар билан мулоқотни чеклаш (67 фоиз), турмуш ўртоғи ва унинг қариндошларини доимий равишда танқид қилиш (60 фоиз) ҳолатлари киради.

Ҳар учинчи респондент турмуш ўртоғи уни ва унинг қариндошларини доимий танқид қилиш (32,1 фоиз), пулдан мустақил фойдаланишни тақиқлаш (31,7 фоиз), ҳасад ва рашк, ҳаётига аралашув (30 фоиз), керакли бирламчи маҳсулотлар учун (озиқ-овқат, гигиена воситалари) пул бермаслик (35,8 фоиз) ҳолатларини тазйиқ ёки зўравонлик, деб қабул қилмайди.

Қандай ижтимоий меъёрларга амал қилиб яшайсиз?

Ҳар бир инсоннинг ҳаётий меъёрлари унинг турмуш тарзи ҳамда хатти-ҳаракатларини белгилаб беради. Иштирокчиларнинг 37,1 фоизини ҳаётида миллий анаъаналар, меъёрлар, диний ва шариат қоидалари, қонунлар бирдек муҳим аҳамият касб этса, ҳар тўртинчи репондент учун эса айнан қонун ва қоидалар асосида яшаш муҳим аҳамиятга эга.

Бу ҳолат жамиятимизда ҳуқуқий саводхонлик даражасининг ортишига ҳамда аёлларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга замин яратади. Қатнашчиларнинг 25,4 фоизи анъанавий меъёр ва урф-одатларга, 27,9 фоизи дин ва шариат қоидаларига амал қилиб яшашлигини таъкидлаган.

Зўравонга жазо борлигини биласизми?

«Эркак киши аёлига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қилса, унинг қонун олдида жазоланишини биласизми?», деган савол юзасидан ҳам респондентларнинг фикрлари олинган.

22,5 фоиз аёл бу ҳақда билиши, аммо ҳаммасидан тўлиқ хабардор эмаслигини айтган. 14,5 фоизи умуман маълумотга эга эмаслигини, 14,3 фоизи етарли даражада, 13,5 фоизи эса аниқ билмаслигини қайд этган.

Аёллар зўравонликдан сўнг қаерга мурожаат қилган?

Қатнашчиларга зўравонлик ҳолати кузатилганидан сўнг ёрдам сўраб қаерга мурожаат қилгани ҳақидаги савол ҳам берилган. Ҳар учинчи аёл, яъни 38,8 фоизи МФЙ масъулларига, 30,4 фоизи дўстлари ва қариндошларига мурожаат қилганини айтган.

22,4 фоизи оғир ҳолатларда ички ишлар ва прокуратура органларига, 6,3 фоизи ижтимоий ишчилар ва психологларга, 5,5 фоизи ишонч телефони орқали тегишли ташкилотларга, 4,6 фоизи шифохонага мурожаат қилганини билдирган.

Эрингиз устидан шикоят қилганингизга афсусланасизми?

Тадқиқот натижаларига кўра, респондентларнинг 70 фоизга яқини оиласида у ёки бу даражада турли низо ва жанжалларда иштирок этган. Уларнинг 27 фоизи ҳаётида эри ёки бошқа оила аъзолари томонидан тазйиққа учраганини айтган.

Баъзилари, яъни 17 фоизи эрининг устидан керакли жойга мурожаат қилганини билдирган. Шундан, 34 фоизи умуман афсусланмаслигини, 25 фоизи қисман афсусда эканлигини, 31 фоизи жуда афсусдалигини таъкидлаган. 10 фоизи эса жавоб бериши қийинлигини айтган.

«28,7 фоиз аёл ажрашишга қатъий қарор қилган»

Оиладаги зўравонлик ва маълум ташкилотларга мурожаатдан сўнг аёлларнинг келгуси ҳаёти борасидаги фикрлари ўрганилди. Респондетларнинг 36,6 фоизи бундан кейин оиласидаги муаммолар тўғрисида ҳеч кимга шикоят қилмаслигини айтган. Бу маълум бир ташкилот ёки шахсга мурожаат қилганидан сўнг оиласидаги муҳит ёмонлашганидан ёки аёлнинг кимдандир қўрқишидан далолат бермоқда.

28,7 фоиз аёл эса ажрашишга қатъий қарор қилганини билдирган. 25,9 фоизи аввалгидек яшашда давом этишини, 17 фоизга яқини эса келажаги борасида ҳали бир қарорга келмаганини таъкидлаган.

«Оилавий зўравонлик тушунчасини қонунчиликка киритиш таклиф қилинган»

«Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи Хуршида Сайидвалиеванинг айтишича, ушбу социологик тадқиқот таҳлили асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.

«Биз доимий равишда ўтказадиган социологик тадқиқот бу — илмий тавсия ишлаб чиқишнинг бир қисми ҳисобланади холос. Шунингдек, шу йўналишда хорижий тажрибани ҳам ўрганамиз. Ундан кейин назарий таҳлил қиламиз. Яъни тадқиқотда бевосита иштирок этиб, аёллар билан суҳбатлашган мутахассислар: психолог, ҳуқушунос, демограф, педагогнинг фикр ва таклифлари эшитилиб, жамланади. Бу сафар ҳам ҳудди шундай бўлди», — деди институт вакили.

Унинг таъкидлашича, институт раҳбарияти мутасадди ташкилотларга оилавий зўравонлик тушунчаси ва унинг турларини қонунчиликка киритиб, аниқ нормаларини белгилаш бўйича таклифлар киритган. «Психологлар кўпроқ зўравон билан ишлаш ва тузатиш дастурларини пухта шакллантиришни таклиф қилмоқда», — дея қўшимча қилди у.

Яна қандай таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган?

Хуршида Сайидвалиеванинг қайд этишича, тегишли вазирлик ва идора раҳбариларига қуйидаги таклиф ва тавсиялар ҳам киритилган:

  • оилавий зўравонлик ва тазйиқнинг кўламини камайтириш, олдини олиш ва оқибатлари билан курашиш мақсадида халқаро ташкилотлар, хусусан, ЖССТ, БМТ Аёллар ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг амалиётини ўрганиш;
  • зўравонлик ва тазйиқ оила ижтимоий институтининг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши туфайли, ушбу ҳолатларнинг фарзанд тарбиясидаги таъсириини ўрганиш мақсадида социологик тадқиқотлар олиб бориш;
  • хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жумладан, жабрланган аёлларга ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар тегишли қонун ҳужжатлари билан қўриқланиши борасида тушунча бериш;
  • оғир ахволга тушиб қолган аёллар учун Республика Аёллар реабилитация ва мослаштириш маркази хизмат кўрсатади (1169). Бундан ташқари, ички ишлар органларининг «102», «1102» ишонч телефон рақамлари ҳамда «Немолчи.uz», «Зўравонликка йўл йўқ» телеграм каналлари, шу билан бир қаторда, зўравонлик ҳолатлари юзасидан хабар берилиши мумкин бўлган бошқа телефон рақамлар ва ижтимоий тармоқлардаги лойиҳаларни тарғиб қилиш;
  • тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларнинг иқтисодий имконияти, ижтимоий ҳолати ва мақсадларини рўёбга чиқаришда уларни хотин-қизлар сиёсати доирасида қўллаб-қувватлаш;
  • зўравонликка учраган хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш, қўлланма тайёрлаш, оиладаги зўравонликка қарши ва мустаҳкам оилани тарғиб қилувчи ижтимоий роликлар олиш, тарғиб қилиш.