ДХХ 4 кгдан ортиқ наркотик моддаларнинг айланма савдосига чек йўқди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти божхона ва ички ишлар бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.

Унда «Самарқанд-Қорақалпоғистон» йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Cobalt автомашинаси салонида 992 гр «опий» моддаси борлиги аниқланди. Уни тўрткўллик харидорларга сотган самарқандлик фуқаролардан бирининг хонадонидан 767 гр «гашиш» моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Бошқа бир ҳолатда, Ургут туманида Matiz автомобили тўхтатилиб, кўздан кечирилганда 1958 йилда туғилган йўловчининг ёнида 500 гр «опий» моддаси борлиги аниқланди.

Булунғур туманида ўтказилган тадбирда эса «Самарқанд-Наманган» йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt йўловчисининг ёнида 978 гр «гашиш» топилди.

Андижон вилоятида кузатилган ҳолатда пахтаободлик шахс Cobalt автомашинасининг мотор қисмига 951 гр «гашиш» гиёҳвандлик воситасини яшириб қўйгани аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Ушбу гиёҳвандлик воситалари Ўзбекистонга учинчи шахслар томонидан Қирғизистон ва Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келингани маълум бўлди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқароларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.