Айни вақтда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва халққа мурожаат қилмоқда. У ўз нутқи давомида Қорақалпоғистон воқеаларига ҳам тўхталиб ўтди. Давлат раҳбарининг мурожаатномаси жонли эфирда намойиш этилмоқда.

«Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз — бугун инсоният ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Ер юзидаги иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ва табиий ресурслар камайиши билан боғлиқ муаммолар катта хатарларга айланмоқда. Халқаро муносабатларда ўзаро ишонч камайиб, қарама-қаршилик ва можароларнинг ортиши барқарорлик ва ривожланишга жиддий хавф солмоқда», — деди у.

Президентнинг сўзларига кўра, бундай хавф-хатарлар бизни ҳам четлаб ўтмаяпти.

«Қорақалпоғистонда содир бўлган нохуш воқеалар халқимизни қаттиқ қайғуга солди. Худога шукур, кўп миллатли халқимизнинг оқиллиги ва донишмандлиги билан вазият тезда изга тушди», — деди у.

«Биз учун „Қорақалпоғистон ютуғи — бутун Ўзбекистон ютуғи, Қорақалпоғистон ташвиши — бутун Ўзбекистон ташвиши“, деган ғоя ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Бизнинг эзгу мақсадимиз — биргаликдаги меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

«Асрлар давомида эт ва тирноқ каби бир бўлиб кетган халқларимиз дўстлигига, ҳеч қандай куч таъсир кўрсата олмайди. Чунки, бизнинг ўтмишимиз бир, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам бир», — дея қўшимча қилди.