Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни парламентга йўллаган мурожаати давомида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

«Тергов сифати пастлиги — ҳақиқат. Судларда одамларнинг оворагарчилиги бу ҳам ҳақиқат. Суд қарорларининг ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда. Нима учун ҳалигача давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга тушмади? Ким бунга қарши? Бу саволни Олий суд раиси билан бош прокурор ўйлаши керак. Кимдир қаршику шунга. Президент топшириқ берган, нимага бажарилмайди? Фуқаро ўзи хоҳлаган адвокатни танлай олиши учун электрон тизим жорий қилиш керак. Қийин эмаску. Лекин бунинг тагида кўп гаплар бор, коррупция бор», — деди у.

Давлат раҳбари шунингдек, қисқа муддатларда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилиши ва тегишли фармон имзоланишини маълум қилди.

«Жуда катта тайёргарлик қилаяпмиз. Оғир бўлаяпти, лекин секин-секин олдинга силжиш бор. Нимага десангиз, бундай яшаб бўлмайди. Агар судни адолатли қилмасак, одамлар биздан рози бўлмайди», — дея таъкидлади президент.

Қолаверса, вилоят судларининг адолатли ҳукм чиқариши, тергов сифатини яхшилаш бўйича ваколатлари ва масъулиятини кенгайтириш режалари ҳам маълум қилинди.

«Тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаши керак. Бизда бошқача ишлайди. Шу билан бирга, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Очий айтиш керак, буни мен айтмасам, бошқа ҳеч ким айтмайди. Прокурор хоҳласа боради, хоҳламаса бормайди. Хоҳласа билими етади, билими йўқ бўлса, прокурор терговдаги ишини ҳам тушунмайди. Прокурор корпуси янгидан шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, иш ва судни кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, одил судловни таъминлашда адвокатларга етмаётган ҳуқуқлар янгидан берилади.

«Нима учун, адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилмайди? Бундай ҳолатда тенглик ҳақида қандай гапириш мумкин? Ҳеч қандай гапириш мумкин эмас. Энди, судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилинади. Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади», — Шавкат Мирзиёев.

Президент охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилаётганини таъкидлади. «Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади. Шу боис, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади. Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ — қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари — биз учун олий қадрият», — деди президент.

Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб, мурожаат қилинганда ишлар экстерриториаль тартибда, яъни бошқа ҳудудларда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади.

«Вазирлар ҳам, ҳокимлар ҳам бир нарсани яхши тушуниб олиши керак. Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади. Бу борада Халқаро тижорат судини Ўзбекистонда ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланди. Юқоридаги барча ташаббусларни Конституцияда тўғридан-тўғри муҳрлаб қўйиш лозим», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.