Шавкат Мирзиёев мурожаатномада суд тизимида амалга ошириладиган ўзгаришлар ҳақида айтиб ўтди.

«Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказамиз. Энди, терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Ахир, биз хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш бўйича озмунча ҳаракат қилаяпмиз-ми? Бундан буён, мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади», — деди президент.

Айтиш жоиз, бундай чора 5 йил аввал президент томонидан эълон қилинган эди. Дастлабки тергов устидан суд назоратини кучайтириш мақсадида тинтув ва телефон суҳбатларини тинглаш учун санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш режалаштирилган эди. Бу 2018 йилги давлат дастурига киритилган, бироқ амалга оширилмаган.

Шунингдек, давлат раҳбари прокурорлар корпуси шакллантирилишини маълум қилди.

«Тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрамиз. Тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаши керак. Шу билан бирга, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади», — Шавкат Мирзиёев.

«Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади. Нима учун, адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилмайди? Бундай ҳолатда тенглик ҳақида қандай гапириш мумкин? Энди, судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилинади. Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади», — Шавкат Мирзиёев.

«Охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда. Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади. Шу боис, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади. Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ — Қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари — биз учун олий қадрият!», — президент.