Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномаси давомида конституциявий ислоҳотлар ҳақида гапириб ўтди.

«Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун, бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди. Шу боис, „Аввал — инсон, кейин — жамият ва давлат“ деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур», — деди президент.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушган.

«„Жамият — ислоҳотлар ташаббускори“ тамойили асосида, барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутамиз. Умуман, мазмуни „инсон қадрини улуғлаш“ руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқишимиз керак», — деди давлат раҳбари.

«Фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади. Энг муҳими — ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши ва „Бу — менинг Конституциям“, деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.