Қатарда бўлиб ўтган футбол бўйича 2022 йил жаҳон чемпионатида кубокни Аргентина терма жамоаси қўлга киритди. Франция терма жамоаси билан бўлиб ўтган финал учрашуви кўплаб йиллар давомида футбол ишқибозлари хотирасида қоладиган бўлди. Муросасиз, кескин ва ҳаяжонли воқеаларга бой бўлган финал баҳсида 3:3 ҳисоби қайд этилди ва пеналтилар сериясида Аргентина терма жамоаси 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Аргентиналиклар ўз тарихи давомида учинчи бор футбол биринчилигининг асосий совринини қўлга киритишди.

Аргентина — Франция 3:3 (пеналтилар сериясида 4:2)

Аргентина — Франция ўртасида бўлиб ўтган финал баҳси Қатардаги нолдан бошлаб бунёд этилган шаҳар — Лусаилда, шу ном остидаги стадионда бўлиб ўтди. Финал учрашувини томоша қилиш учун ушбу стадионга 88 966 нафар томошабин ташриф буюришди. Очиғи, финал баҳси бўлганда ҳам «аср финали» дейишга лойиқ даражада ўтди.

жч-2022, футбол, қатар

Аргентина терма жамоаси ярим финалда Хорватияни мағлуб этган эди, францияликлар эса Марокаш терма жамоасини енгишди. Хорватия ва Марокаш ўртасида бўлиб ўтган учинчи ўрин учун ўйинда хорватияликларнинг қўли баланд келди. Энди эса навбат асосий совриндор жамоани аниқлашга келган эди.

Аргентина — Франция баҳсинининг қанчалар кескин бурилишларга бой ва қизиқарли бўлганини сонлар орқали ҳам ифодаласак бўлади. Ўйинда Аргентина терма жамоаси 17 та зарба йўллаган, шулардан 10 таси аниқ. Францияликларда бу кўрсаткич бироз пастроқ бўлди: 7 та зарба, 5 таси аниқ. Франция дарвозабони Уго Льорис финалда 7 та сейв амалга оширди, аргентиналик Эмилиано Мартинес эса 2 та.

Ўйинда шунингдек, аргентиналиклар 18 маротаба, францияликлар эса 23 маротаба жарима зарбасини амалга оширишди. Ва ниҳоят, муҳим кўрсаткичлар: Мессидан дубль, Мбаппедан эса хет-трик. Аммо Мбаппенинг учта голи ҳамда якундаги пеналтини муваффақиятли тарзда амалга ошириши Франциянинг ғалаба қозониши учун камлик қилди. Ва Месси ниҳоят ўзининг узоқ кутилган Жаҳон чемпионати кубогини қўлга киритди.

жч-2022, футбол, қатар

Биринчи голни Лионель Месси, 23-дақиқада Франция дарвозаси томон белгиланган пеналти орқали қиритди. 36-дақиқага келиб ҳисоб 2:0 кўринишини олди. Месси Алексис Мак Аллистерга тўпни оширди, у эса тўпни қойилмақом тарзда Ди Марияга узатди — зарба ва гол.

Биринчи бўлимдаги 2:0 ҳисобидан сўнг кўпчилик Франциянинг суст ўйин кўрсатаётганини, ўзини ўнглаб олмаса аргентиналиклар яна гол киритишлари мумкинлигини айтишаётганди. Иккинчи бўлимда Франция терма жамоаси кўп хавфли ҳужумлар яратди. Аммо жавоб тўпларини фақат 80-дақиқалаларга келиб кўрдик. Аввалига Мбаппе пеналти зарбаси орқали ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. Орадан икки дақиқа ўтиб, у қойилмақом тарзда тўпни (ҳаводан) Аргентина дарвозаси томон йўллаб ҳисобни тенглаштирди — 2:2!

жч-2022, футбол, қатар

Қолган дақиқаларда Франция терма жамоаси ҳаттоки ҳисобда олдинга чиқиб ғалабани илиб кетиши ҳам мумкин эди. Ҳаттоки қўшимча дақиқаларда ва ундан кейин давом этган қўшимча бўлимда ҳам кескин вазиятлар бўлди.

Биринчи қўшимча бўлимда ҳам ўйин темпи юқори даражада бўлди, бироқ ҳисоб ўзгармади. Аммо иккинчи экстра-бўлимда ўйин янада «аланга олди». Бўлимнинг 3-дақиқасида Месси Аргентинани ҳисобда олдинга олиб чиқди — 3:2. Ўйин «ёнди». Франция кетма-кет ҳужумлар амалга оширишмоқда. Ўйин тугашига оз вақт қолмоқда. 118-дақиқада Франциянинг ҳужумларидан бирида тўп Аргентина футболчисининг қўлига тегди ва пеналти зарбаси белгиланди. Килиан Мбаппе яна бир бор Эмилиано Мартинесни пеналти зарбаси орқали доғда қолдирмоқда. Ҳисоб — 3:3.

жч-2022, футбол, қатар

Жамоалар бир-бирига таслим бўлишни хоҳлашмади ва энди ҳаммасини пеналтилар серияси ҳал қилади. Биринчи зарбаларни францияликлар сафида Мбаппе, аргентиналиклар сафида эса Месси муваффақиятли тарзда амалга оширишди. Франция терма жамоаси сафида иккинчи зарбани амалга оширган Кингсли Команнинг зарбасини Эмилиано Мартинес қайтара олди. Францияликларнинг учинчи зарбаси, аниқроғи Тчуамени йўллаган зарба ҳам муваффақиятсиз чиқди — ноаниқ зарба. Навбатдаги зарбаларда иккала жамоа аъзолари ҳам хато қилишмади. Ҳал қилувчи зарбани аргентиналиклар сафида Монтьелл амалга оширди. У Льорис дарвозасини ишғол қилди ва Аргентина Францияни пеналтилар сериясида 4:2 ҳисобида мағлуб этди.

жч-2022, футбол, қатар

Аргентина терма жамоаси учинчи бор жаҳон чемпионига айланишмоқда. Бу аргентиналикларнинг олтинчи финали эди (1930, 1978, 1986, 1990, 2014). Энди улар финалдаги мағлубиятлар ва ғалабалар бўйича ҳисобни тенглаштириб олишди. Лионель Месси узоқ кутилган жаҳон чемпионати кубогини қўлга киритди. Сенсацияларга ва ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлган ЖЧ-2022 ҳам ўз ниҳоясига етди. Футбол олами яна 3,5 йилга жаҳон чемпионати билан хайрлашади.

жч-2022, футбол, қатар

Маълумот учун, 2026 йилда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати бирданига учта мамлакатда бўлиб ўтади: Мексика, АҚШ, Канада. Навбатдаги жаҳон чемпионатининг асосий босқичида 48 та жамоа қатнашади (ҳозиргача 32 та эди). Демак, ҳар бир қитъа бўйича қатнашувчилар квотаси ҳам бироз ошади. Бу Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун яхши имконият.