Қонунчилик палатаси депутатлари 2022 йил учун давлат бюджетига ўзгартириш тўғрисида қонунни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда қуйи палата депутати Расул Кушербаев хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, депутатлар қўлига шошилинч берилган Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган қонун лойиҳаси кўра, 2022 йил бюджетидан қўшимча 2 трлн сўмдан ортиқроқ маблағ ажратилади.

Жумладан, давлат-хусусий шерикчилиги асосида асосида фаолият кўрсатаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сонининг ортиб бораётгани ҳисобига ушбу йўналишга қўшимча субсидиялар ажратиш учун Мактабгача таълим вазирлиги 407,1 млрд сўм ажратилиши кўзда титилмоқда.

Бундан ташқари, иссиқлик таъминоти бўйича аҳолига паст даражали тарифлар қўлланиши натижасида юзага келган зарарларни қоплаш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги 404,7 млрд сўм йўналтирилади.

Ҳудудларда зудлик билан ечилиши лозим бўлган қўшимча тадбирларни молиялаштириш мақсадида кейинчалик маҳаллий бюджетларга қайта тақсимлаш (ўтказиб бериш) мақсадида Молия вазирлигига 1 млрд сўмга ошириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, экспорт қилинадиган мамлакатларда маҳаллий автомобиль саноати корхоналари томонидан тўланадиган утилизация йиғими харажатларига давлат бюджетидан маблағ ажратиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳисобига 224,5 млрд сўм ўтказиб берилади.

«️Энг қизиғи утилизация йиғими кимларга ва қандай мақсадларда ишлатилаётгани, монополист UzAutoMotors утилизация йиғимини тўлаяптими йўқми, бу яширилаётган бир вақтда давлат бюджетидан утилизация йиғими харажатларига 224,5 млрд сўм ажратиш сўралиши мантиқсизлик. Катта эҳтимол билан халқнинг ғазнасидаги бу пуллар монополист компаниянинг ҳисобига ўтказилади», — деб қайд этди депутат.

Парламент аъзоси кўплаб саволларга жавоблар махфий қолаётган бир вақтда бу лойиҳанинг қабул қилинишига «тўлиқ қарши» эканини билдириб ўтди.

Депутат Дониёр Ғаниев ҳам 2022 йил бюджетидан саноат корхоналари экспорт қилган автомобиллар учун чет мамлакатларда тўланган утилизация йиғимларини компенсацияси учун 224,5 млрд сўм ажратилишини қайд этди. «Олаверинглар, давлатимиз камайиб қолармиди», — дея изоҳ қолдирди у.

Кейинчалик депутат Расул Кушербаев UzAutoMotorsʼга 137,5 млрд сўм, SamAuto’га 87 млрд сўм ажратилишини маълум қилди.

Бюджетномага мувофиқ, 2021 йилда автомобилларни экспорт қилишда утилизация харажатларини қоплаш учун давлат бюджетидан 100 млрд сўм ажратиш кўзда тутилганди. UzAutoMotors автомобиллари экспортининг 90 фоиздан кўпроғи Қозоғистонга (қолган қисми — Россия, Украина ва бошқа давлатларга) тўғри келади. Яъни, аслида қозоқлар, руслар, украинлардан ундирилиши лозим бўлган утилизация йиғими сизу, биз тўлаган солиқлар ҳисобидан қоплаб берилади, дея таъкидлаганди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Ноябрь ойида у 2022 йилда ишлаб чиқарилган автомобиллар бўйича Uzauto motors тўлаши лозим бўлган утилизация йиғими 7 трлн сўмга етганини қайд этиб, бу қарздорлик тўландими ёки йўқми дея савол берганди. Расмий идоралар бу ҳақда ҳануз очиқ маълумот тақдим этмади.