2021−2022 йиллар давомида лифтларда 4 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган ва натижада 5 нафар фуқаро вафот этган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Малика Миржамолова маълум қилди.

Маълум бўлишича, республикадаги кўп қаватли уйларда жами 6200 дан ортиқ лифт қурилмалари мавжуд. Шулардан 5000 дан зиёди Тошкент шаҳрида ўрнатилган. Лифтларнинг 290 дан ортиғи ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган, капитал таъмирталаб.

Ўзбекистонда 2015 йилдан бошлаб 780 га яқин кўп квартирали турар жой уйлари қурилган бўлиб уларда жами 2000 дан зиёд лифт қурилмалари ўрнатилган ва бу кўрсаткич тобора ошиб бормоқда.

Лифтлардан фойдаланишда хавфсизлик талабларини бажармаганлик оқибатида 2021−2022 йиллар давомида жами 4 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган ва натижада 5 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмган.

Лифтлардан фойдаланиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ҳозирда республикамизда амалда фойдаланишда бўлган «Лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламентни Евроосиё иқтисодий иттифоқининг амалдаги техник регламентлари талабларига мослаштириш бўйича тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳозирда Вазирлар Маҳкамасига киритилмоқда.