Адлия вазирлиги 16 декабрь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга иш юритиш тартиби киритиш бўйича [ЎРҚ-810 сонли] қонун қабул қилинганини маълум қилди.

Унга кўра, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқади.

Агар фуқарони реабилитация марказига жойлаштириш бўйича асослар аниқланса, ички ишлар органи бундай шахсни ички ишлар органига келгандан бошлаб 48 соатда марказга 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материал тайёрлайди.

Материаллар бундай шахс аниқланган ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан берилади.

Илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади.

Мазкур тартиб ҳақидаги қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.