Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасига Абдушукур Хамзаев раис этиб сайланди. Бу ҳақда 19 декабрь куни партиянинг Марказий Кенгашида ўтган навбатдаги пленумида маълум қилинди. Бунгача мазкур лавозимни Нарзулло Обломуродов эгаллаб турганди.

Нарзулло Обломуродов 2021 йилнинг 30 декабрда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси бўлди. Шундан сўнг иш юкламасининг кўплиги сабабли ўз аризасига мувофиқ Экопартия раиси лавозимидан озод этилди.

Абдушукур Хамзаев 1973 йилда Сурхондарё вилояти Узун туманида туғилган. 1995 йил Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини, 2013 йил Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган, мутахассислиги агроном олим. Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор ҳисобланади.

Мазкур лавозимгача Абдушукур Хамзаев 2022 йил июнь ойидан буён Экопартиянинг Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаб келган.