Тошкент ҳокимлиги «ҳозирги кунда айрим қурувчи ташкилотлар қурилиш лойиҳаси ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши томонидан тасдиқланмаган ва экспертизадан ўтмаган кўп квартирали уйлардаги хонадонларни „қуриб бериш“ шартларида сотишни таклиф этаётганини» маълум қилди.

«Аксарият ҳолларда, бундай хонадонларни сотиб олишга шартнома тузганлар хонадонни ўз номига рўйхатдан ўтказиш, ичимлик суви, табиий газ ва электр тармоқларига улашда қийинчиликларга дуч келмоқда», — дейилади пойтахт маъмурияти хабарида.

Ҳокимлик маълумотларига кўра, Тошкентнинг Тарас Шевченко кўчаси 23-уй манзилида барпо этилиши режалаштирилган «DAhO кўп функцияли мажмуаси» бўйича реклама қилинаётган 5 та кўп квартирали уйлар лойиҳаси бўйича ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши қарори олинмаган ва давлат экспертизасидан ўтказилмаган.

Пойтахт маъмурияти фуқароларга янги қуриладиган уйлардан хонадон сотиб олишда таклиф этилаётган қурилиши режалаштирилган уй қурилиш лойиҳаси ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгашида кўриб чиқилиб, давлат экспертизасидан ўтказилганлиги тўғрисидаги хужжатлар билан танишни тавсия қилди.

«Лойиҳаси келишилмаган, давлат қурилиш экспертизасидан ўтказилмаган уйдан квартира сотиб олиб, ўзингизни узоқ давом этадиган муаммоларга дучор қилманг», — дея маълум қилди ҳокимлик.

Маълумот учун, DAhO мажмуасининг сотув офиси 3 декабрь куни тантанали равишда очилган бўлиб, шу кундан сотишлар бошланган. Қурилиш ишлари билан Туркиянинг Koc Group компанияси шуғулланмоқда.