Қашқадарё вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқларда Яккабоғ туманида 45 ёшли эркак ўзини осиб қўйгани айтилган хабарга муносабат билдирди.

16 декабрь куни Яккабоғ тумани, Чимқўрғон қишлоғида яшаган 1977 йилда туғилган эркак ўзи яшаб келган ҳовлининг молхонасида ўзини-ўзи осиб вафот этган.

Тарқалган хабарда бу ҳақда жамоатчиликка маълумот берган маҳаллий блогерлар ишда тумандаги 94-мактаб директорининг «қўли борлиги»ни айтгани қайд этилган.

«Туманда кимлиги ҳам номаълум бўлган блогер менга шундай айб қўяяпти. Аслида воқеа рўй берган куни мен шифохонада бўлганман», — деди Яккабоғ туманидаги 94-мактаб директори Маҳмуд Раҳматов.

Директорнинг Daryo нашри мухбирига аниқлик киритишича, марҳум ва унинг ўртасида жанжал бўлган.

«Ўша куни мактабдан чиқиб кетаётганимда марҳум синфдошим йўлимни тўсиб мени ҳақорат қилди. Маст бўлганлиги сабабли аввалига эътибор бермадим. Аммо у онамни, синглимни ҳақорат қилиб сўкингач, у билан жанжаллашдим. У мени ургани учун ўша жойда ҳушимни йўқотганман. Кейин ўзимга келиб, уйга қайтдим ва шифохонага мурожаат қилдим. Ўша куни туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч ёрдам бўлимига ётқизилдим. Синфдошим ўз жонига қасд қилган куни мен шифохонада бўлганман», — деди мактаб директори.

Марҳумнинг ўлим сабабига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат бўйича Яккабоғ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракати олиб борилмоқда.