17 декабрь куни «Тошкент» аэропортининг маҳаллий авиайўналишлар терминалида Airbus 321neo ҳаво кемаси тантанали кутиб олинди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Uzbekistan Airways томонидан харид қилинган тўртинчи Airbus 321neo ҳаво кемаси компания экипаж аъзолари — Муроджон Ғуломов ва Владислав Аргов бошқарувида олиб келинди. Мазкур самолёт Airbus заводларидан бири жойлашган Германиянинг Гамбург шаҳридан 6 соату 30 дақиқа ичида тўғридан-тўғри Тошкентга етиб келди.

Uzbekistan Airways матбуот хизмати раҳбари Камола Икромованинг таъкидлашича, ушбу ҳаво кемаси 188 йўловчини ташишга мўлжалланган. Шундан 16 таси бизнес-класс, 172 таси эконом класс ўриндиғи ҳисобланади. Самолётнинг максимал учиш вазни 97 тонна бўлиб, у 6850 км бўлган масофагача парвоз қилиши мумкин.

airbus a321neo, uzbekistan airways

Камола Икромова.

«Uzbekistan Airways ўтган йилнинг сентябридан камхаржли ташувларни амалга оширишни бошлаган. Чунки биз кўряпмизки, пандемиядан сўнг йўловчиларда бизнес-классга бўлган қизиқиш пасайиб, эконом классга нисбатан талаб ортиб бормоқда. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида камхарж бўлган ва ёқилғини кам ишлатувчи ҳаво кемаларини сотиб олишга қарор қилдик. Жорий йил якунигача мана шундай самолётдан яна битта харид қиламиз. Одатга кўра, янги самолётлар аввал юртимизда ички парвозларни амалга оширади ва тест синовлари ўтгач, халқаро парвозларга қўйилади. Бугун қабул қилиб олинган тўртинчи Airbus 321neo ҳаво кемаси ҳам синов муддатидан сўнг халқаро йўналишларга қатнашни бошлайди», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон президентининг 21−22 ноябрь кунлари Францияга қилган ташрифи доирасида Airbus компанияси билан кейинги 10 йиллик учун янги келишув имзоланган. «Биз 10 йил ичида 12 та янги ҳаво кемасини сотиб олишни режалаштирганмиз», — деди Камола Икромова.

Тадбир давомида иштирокчилар ва ОАВ вакиллари янги авиалайнер ва унинг техник хусусиятлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, фуқаро авиацияси соҳаси ходимларининг фарзандлари ҳам қатнашди.

Май ойида «Газета.uz» Uzbekistan Airways авиакомпанияси самолётлар паркини бирлаштириш доирасида бир нечта Boeing авиалайнерларини лизинг берувчига қайтариб, Airbus самолётларини қабул қилиб олишни режалаштираётгани ҳақида ёзган эди.