Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров туркиялик инвестор, информацион тизимларга ихтисослашган Streat компанияси раҳбари Зейнеп Йилдирим билан учрашувда автомобиль йўлларида Туркия инвестицияси ҳисобига «Ақлли йўл» тизимини жорий этиш масаласини муҳокама қилди, дея хабар бермоқда ҳокимлик матбуот хизмати.

Водий вилоятларида амалга ошириш режалаштирилаётган ушбу лойиҳа учун 10 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция йўналтириш кўзда тутилаётганини маълум қилган Зейнеп Йилдирим, автотранспорт оқимини бошқариш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида ушбу тизим жорий этилган хориждаги ҳудудларда эришилган ижобий натижалар ҳақида маълумот берди.

«„Ақлли йўл“ тизими йўл-транспорт ҳодисаларининг, жароҳат олиш ва ўлим ҳолатларини 90 фоизгача камайтириш имконини беради. Тўлалигича инсон омилисиз ишловчи ушбу тизим, қуёш энергияси ёрдамида ишловчи инфрақизил нурларга эга радарлар ҳамда камералар, электрон таблолар билан жиҳозланган бўлиб, керакли вазиятларда ҳодиса жойига йўл ҳаракати хавфсизлиги, тез ёрдам ва фавқулодда вазиятлар бўлинмаларини автоматик чақириш имконияти мавжуд», — дейилади хабарда.

Ҳокимликнинг қайд этишича, сим карталар ёрдамида интернетга уланиш имконияти ҳамда электр тармоғи тортиш эҳтиёжи йўқлиги, бу тизимни қисқа муддатда исталган ҳудудда жорий этиш имконини беради. Тизим тезликни ошириш, қизил чироқда ўтиш, қоидани бузган ҳолда қувиб ўтиш, камарсиз ҳаракатланиш, қоидага ҳилоф равишда бурилиш, йўл қатнов қисмининг пиёдалар кесиб ўтиши учун мўлжалланган қисмида қоидага амал қилмаслик ва бошқа кўплаб ҳолатларда муайян ҳудудда ёки йўл қисмида тўла назоратни таъминлайди.

Учрашувда вилоятда «Ақлли йўл» тизими жорий этиладиган ҳудудларни белгилаш юзасидан ҳамкорликда иш ташкил этиш ҳамда яқин муддатда лойиҳани амалга оширишга киришиш юзасидан келишув имзолашга келишиб олинди.