Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда пул эвазига мижозлар газ қуйиш шохобчасига навбатсиз киритилаётгани айтилган видеога муносабат билдирди.

Олтинкўл тумани ИИБ ходимлари томонидан тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилганда «Sifatli metan gaz» МЧЖ автомобилларни газ қуйиш шохобчасига навбатсиз киритаётган 2 нафар шахслар шу туманда яшовчи К.Ў ва С.О.лар экани маълум бўлди.

Ушбу фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-модда (Майда безорилик), 194-модда 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ҳамда 200-модда (Ўзбошимчалик)га асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний тартибда кўриб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман судига юборилди.

12 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман суди томонидан К.Ў. ва С.О.ларга нисбатан тўпланган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, уларга нисбатан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига табиий газ эҳтиёжи ортгани боис газ «заправка»лар фаолияти вақтинча тўхтатилгани хабар қилинганди.