Марказий банк пул агрегатлари ҳақида тақдим этган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда кенг маънодаги пул массаси ноябрь ойида 5,9 трлн сўмга ортиб, 1 декабрь ҳолатига 177,2 триллион сўмга етган.

Хусусан, миллий валютадаги пул массаси 389 млрд сўмга кўпайиб 125,1 трлн сўмни ташкил этмоқда. Бошқа депозитлар қолдиғи эса қарийб 3,8 триллион сўмга ошган.

Шунингдек, чет эл валютасидаги депозитлар қолдиғи 5,5 трлн сўмга кўпайган бўлса, тор маънодаги пул массаси 3,4 трлн сўмга қисқарган.

Хусусан, ноябрь ойида нақд пуллар 2,4 трлн сўмга камайиб, муомалага чиқарилган нақд пуллар қолдиғи 1 декабрь ҳолатига 41,3 трлн сўмни ташкил этган.

Йил бошига нисбатан нақд пуллар қолдиғи 12,7 трлн сўмга кўпайган. Миллий валютадаги бошқа депозитлар эса йил давомида 15,4 трлн сўмга ошган.

Кенг маънодаги пул массаси — нақд пуллар, бошқа номолиявий ва молиявий ташкилотлардаги талаб қилиб олингунгача бўлган миллий ва чет эл валютасидаги жамғарма ҳамда депозитларни ўз ичига олади.

Тор маънодаги пул массасига — муомаладаги нақд пуллар ва миллий валютадаги талаб қилиб олингунгача бўлган депозитлар киради.