14 декабрга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан 00:00 да Қатарда бўлиб ўтаётган ЖЧ-2022`нинг биринчи ярим финалига — Аргентина ва Хорватия ўртасидаги баҳсга старт берилди. Ушбу жамаоалар сўнгги бор 2018 йилда Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида учрашишган эди. Ўшанда хорватияликлар Аргентина терма жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этишган эди. Аргентиналиклар бу сафарги тўқнашувда худди шу реванш олишга муваффақ бўлишди ва финалга йўл олишди.

Аргентина — Хорватия 3:0

Аргентина терма жамоаси чорак финалда Нидерландия терма жамоаси билан тўқнаш келиб, жамоалар асосий вақтда 2:2 ҳисобини қайд этишган эди. Жамоалар қўшимча таймларда ҳам дурангга рози бўлишди ва пеналтилар сериясида 3:4 ҳисобида Аргентина терма жамосининг қўли балан келган эди. Хорватия терма жамоаси эса чорак финалда Бразилия билан баҳс олиб бориб, «пентакампеонлар»ни сенсацион тарзда мағлуб этишган эди. Жамоалар асосий вақтда 0:0 ҳисобини қайд этишди ва қўшимча бўлимларда биттадан гол алмашишди. Навбат пеналтилар сериясига келганда хорватияликлар бразилияликлардан устун келиб, ярим финалга йўл олишганди.

Ушбу жамоалар ўртасидаги ярим финал баҳси «Лусаил» стадионида 88 966 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди. Ўйинни италиялик Даниеле Орсато бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқарди. Учрашувда тўпга эгалик қилиш бўйича устунлик Хорватия томонида бўлди: 40% га 60%. Берилган зарбалар бўйича ҳисоб — 8:9, Хорватия бу борада олдинда. Аммо аниқ зарбалар бериш борасида Аргентина терма жамоаси яққол устунлик қилди — 7:2. Демак хорватияликлар 7 та ноаниқ зарба йўллашган, аргентиналиклар эса битта.

Учрашувнинг 32-дақиқасида Хорватия дарвозаси томон пеналти зарбаси белгиланди. Алварес Ливакович билан бирга-бир вазиятга чиқди ва ноаниқ зарба йўллади, бироқ ушбу ҳужумда тўқнашув юз берди. Ушбу тўқнашувда ҳакам дарвозабонни айбдор деб топди ва унга сариқ карточка кўрсатиб, Аргентина терма жамоаси фойдасига пеналти белгилади. Зарбани Лионель Месси қойилмақом тарзда амалга оширди — 1:0! Ўйинда ҳисоб очилди.

жч-2022, футбол, қатар

Фото: Reuters.

39-дақиқада Аргентина терма жамоаси яна битта гол уришди. Майдон марказида тўпни қабул қилиб олган Алварес дарвоза томон ошиқди, у ерда ҳимоячи Соса жуда суст ҳаракат қилди, Алваресда зарба бериш имконияти пайдо бўлди — гол! Ҳисоб — 2:0.

жч-2022, футбол, қатар

Фото: Reuters.

Биринчи бўлим 2:0 ҳисобида якунланди. Хорватияликлар жуда бир қийин аҳволга тушиб қолишмоқда. Аргентина билан баҳсда энди улар икки голли фарқни йўққа чиқаришлари керак. Аргентина терма жамоаси ушбу таймнинг ўзидаёқ ҳисобни 3:0 кўринишига келтириши мумкин эди, аммо Ливакович ўз жамоасини мукаррар голдан сақлаб қолди.

Аргентина терма жамоасининг хавфлик ҳужумлари иккинчи бўлимда ҳам давом этди. Паредес, Месси, Алварес, Фернандес Хорватия дарвозаси томон бир қатор рейдлар амалга оширишди. 69-дақиқада Лионель Месси жарима майдончасига ёриб кирди, Йошко Гвардиол унга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди, аммо ундан тўпни олиб қўя олмади. Месси тўпни Алваресга оширди, у эса битта зарба билан Хорватия дарвозасини яна бир бор ишғол этди. Ҳисоб — 3:0.

жч-2022, футбол, қатар

Фото: Reuters.

Қолган дақиқаларда Хорватия терма жамоасининг ҳисобни қисқартиришга бўлган уринишлари ҳисобнинг янада йириклашишига олиб келиши мумкин эди. Хорватияликлар ўзларида пайдо бўлган имкониятлардан фойдалана олишмади, аргентиналиклар эса қарши ҳужумлар уюштиришди.

жч-2022, футбол, қатар

Фото: Reuters.

Учрашув 3:0 ҳисоби билан якунланди. Ўз ҳисобига битта гол ва битта ассист ёздириб қўйган Лионел Месси учрашувнинг энг зўр футболчисига айланмоқда. Аргентина терма жамоаси финалда. Улар энди ҳал қилувчи ўйинда Франция — Марокаш жуфтлигининг ғолиби билан тўқнаш келишади.

Маълумот учун, Аргентина сўнгги 8 йил давомида иккинчи марта финалга йўл олмоқда. Улар ўз тарихида олтинчи марта ЖЧ финалига чиқишмоқда. Жамоа футбол тарихидаги илк жаҳон чемпионатида, 1930 йилда Уругвайга финалда енгилган. Кейинчалик яна иккита финалда — ЖЧ-1990 ва ЖЧ-2014 финалларида аргентиналиклар Германияга мағлуб бўлишган. 1978 ва 1986 йилги мундиал баҳсларида эса жаҳон чемпионига айланишган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилги жаҳон чемпионатининг финал баҳси 18 декабр куни соат 20:00 да, Лусаил стадионида бўлиб ўтади.