13 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 10:29 да Венгриянинг WizzAir авиакомпаниясига тегишли самолёт Самарқанд халқаро аэропортига келиб қўнди, деб хабар берди Uzbekistan Airports компанияси матбуот хизмати.

Ўзбекистонга Абу-Даби — Самарқанд — Абу-Даби парвоз йўналишини очган Airbus A321 neo самолёти анъанага кўра сув аркаси, экипаж аъзолари ва 141 нафар йўловчи эса карнай ва сурнай садолари билан кутиб олинди.

Тўғридан-тўғри мунтазам рейслар ҳафтасига икки марта — сешанба ва шанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 25 январидан бошлаб WizzAir Тошкент аэропортига ҳафтасига уч марта — душанба, чоршанба ва жума кунлари парвозларни бошлашни режалаштирган.

Маълумот учун, аввалроқ WizzAir лоукостер авиакомпанияси 13 декабрдан Самарқандга парвозларни амалга ошириши ҳақида хабар берилганди. Чипталар нархи 40 доллардан бошланади. Компания веб-сайтида дастлабки рейсларнинг нархи 90 доллар эканлиги кўрсатилган.

WizzAir — Венгриянинг арзон авиакомпанияси бўлиб, штаб-квартираси Будапештда (Венгрия) жойлашган.