Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz»

Илмий иш қандай ёзилиши ёки бўлиши керак?

Унинг натижаси-чи?
Тадқиқотчи кузатув, хулоса ва илмда топган янгилигини ёзаётган ишида ифодалайди. Бу диссертация шаклида тақдим этилади кўпинча. Ҳар бир давлат, университет, илмий доира ёки тадқиқот марказининг ўз талаби, қонун-қоидаси бор. Масалан, Ўзбекистонда «Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорда фалсафа доктори, фан доктори илмий даражасини олиш учун ёзиладиган диссертацияга ўндан ортиқ талаб қўйилган. Синчиклаб ўқилса, ҳаммаси айни муддао — пухта ўйланган, бари рисоладагидек...

Лекин амалда-чи? Ҳамма ҳам талаб-қоидага риоя қиляптими? Ёзилаётган илмий ишлар қанчалик сифатли? Ўзбек илм-фани учун нечоғлик янгилик бўлмоқда? Йилдан йилга тадқиқотчи, изланувчилар сони ошяптию, нега натижаси билинмайди? Нима учун айрим ишлар архивлардагина туришга яраяпти? «Газета.uz» муаммо нимадилигини мутахассислардан сўради ва илмий иш аслида қандай ёзилиши (ёки бўлиши) ҳақидаги бир неча фикрларни жамлади.
Ирода Азимова
Психолингвист
Илмий иш қилишнинг натижаси нима бўлиши керак? Бу илмий даража ҳақидаги дипломми? 120 бетли ёзма матнми? Журналларда чоп қилинган мақолаларми? Гарчи булар илмий ишни ҲИМОЯ қилишдаги шартлар ва тасдиқ бўлса ҳам, улар илмий иш қилишнинг натижаси эмас.

Мен номзодлик диссертациям устида жами 6 йил ишлаганман. Қайсидир ўтказган тажрибам, қайсидир чиқарган мақолам, бир неча ўнлаб ўқиган китобларим диссертациямдан ўрин олмаган. Диссертациямни ёзиш ва таҳрир жараёнида унинг режа-мундарижаси бир неча марта ўзгарган.
Илмий иш қилиш жараёни бу бир ҳодисани илмий жиҳатдан тушунтириш учун у хусусида узоқ (айнан, УЗОҚ) муддат ўйланиш дегани. «Илм – игна билан қудуқ қазишдир» деган ўхшатиш жараённинг моҳиятини жуда яхши очади, чунки илмий иш қилиш жараёнида изланувчи ҳамма кўриб турган ҳодисанинг ҳеч ким кўрмаган, кўролмайдиган тафсилотларини аниқлайди.
реклама
реклама
Хўш, тафсилотларни аниқлашнинг қандай фойдаси бор? Биз шундагина ҳодисага яхлит ҳолда тўғри баҳо бера оламиз, унга нисбатан тўғри ёндаша оламиз. Масалан, ўзимнинг диссертациям менга дарсда ўқиган матнининг мазмунини гапириб ё ёзиб берган бола тушунишнинг қайси даражасида турганини аниқлаш ва бу аслида натижа эмас, жараён эканини, бола матнни тушунишнинг юқори даражасига чиқиши, бунинг учун унга мен ўқитувчи сифатида ёрдам бера олишим мумкинлигини ўргатган.

Илмий ишдан мақсад ИЛМ бўлиши керак. Ҳақиқий илмгина ростдан ҳам қадрли, одамзодга фойдалидир.
Азиз Омонов
Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети докторанти
Илмий иш бирор янгилик (кичик бўлса-да) аввалги олимларникидан фарқланиши ва муҳокама, хулоса қисмида қилинган янги методнинг ижтимоий соҳа (масалан, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва бошқалар)га аҳамияти қандайлиги ёзилиши керак. Японияда талаб шу. Яна қўшимчасига Халқаро журналларда (Q2 ёки Q1) мақола чиқса, кейин илмий иш ҳимоясига рухсат берилади.
Очиғи, илмий иш 100 варақ ёки ундан кўп бўлиши шарт эмас. Устозимнинг PhD иши жами фигура, жадвал, мундарижалар билан 39 варақ бўлганди. Ўзбекистонда эса ҳажмга ҳаддан ташқари кўп эътибор берилади. Аслида эса сифат муҳим.
Бахтиёр Шералиев
Фарғона давлат университети Зоология ва умумий биология кафедраси мудири, PhD
Илмий тадқиқот бошлаган ҳар бир тадқиқотчи энг аввало икки ишни бажариб олиши шарт. Биринчиси – ўзи танлаган мавзу ёки соҳа бўйича ундан аввал айни шу йўналишда қилинган барча ишлар билан танишиб чиқиш; иккинчиси – ишнинг асосий ўқ скелети бўлган тадқиқот гипотезаларини шакллантириб олиш.

Кўп тадқиқотчиларни кўраман, ўзидан аввалги қилинган ишлар билан тўлиқ танишмасдан «мен фалон-фалон қилдим» дейди, ваҳоланки, у айтаётган нарсани ундан анча аввал қилиб бўлишган ёки яна бир тоифа тадқиқотчилар бор, «ишингизнинг асосий гипотезалари нимадан иборат?» деб сўрасангиз ундан нима сўралаётганини ҳатто тушунмайди. Эмпирик тадқиқотга асосланган ҳар қандай илмий мақола ёки диссертациянинг бошланиш қисмида мавзунинг ўрганилиш тарихи тизимли равишда, шу билан бирга, танқидий ёндашув асосида очиб берилади. Ишни ўқиган одам ишнинг мана шу қисми асосида тадқиқотнинг аҳамияти ва долзарблигини тушунади. Агар сиз мақоланинг кириш ёки диссертациянинг адабиётлар таҳлили қисмини ўқисангизу, бу мақола/диссертация ўзи нега ёзилмоқда деган саволга жавоб топмаган бўлсангиз, демак тадқиқотчи аввал бошдан тўғри йўлда эмас, деб хулоса қилишингиз мумкин.
Шахсан ўзим ҳар бир илмий мақолам ёки шогирдларимга берадиган мавзуим аввалида қуйидаги уч саволга жавоб излайман:

1. Ушбу мақола фандаги кичик бўлса-да бирор бўшлиқни тўлдирадими?

2. Мен ёзаётган илмий ишда мендан аввалги тадқиқотчилар ёзмаган бирор илмий янгилик мавжудми?

3. Ушбу илмий ишни эртага кимдир ўқийдими?

Агар ушбу саволларга «ҳа» деган жавоб ололсамгина ўша ишни бошлайман, аксинча бўлса вақтимни беҳуда кеткизиб ўтирмайман.
Илмий иш ёзишдаги яна бир муҳим жиҳат ҳақида тўхталмасам бўлмайди. Бу илмдаги сохтакорлик ва кўчирмакашликдир. Илмий фактларни ўз манфаати йўлида сохталаштириш ёки манипуляция қилиш, кўчирмакашликка йўл қўйиш илмий тадқиқотчи қилиши мумкин бўлган энг жирканч ишдир ва бунинг бадалини ҳеч нарса билан тўлаб, ўнглаб бўлмайди. Минг афсуски, бугунги жуда кўплаб «илмий иш»ларда юзсизларча фальсификацияга, плагиатга йўл қўйилмоқда. Бундан на диссертантлар ва на уларнинг раҳбарлари ташвишланмоқда.
реклама
реклама
Дилсора Мирзааҳмедова
Хитойдаги Марказий Миллатлар университети доценти
Аввало, илмий иш нима мақсадда қилинаётганини аниқлаб олиш керак. Кейин шунга қараб буни иккига бўлиш мумкин: илмий мақола ва диссертация. Диссертациялар – илмий даража олиш мақсадида ёзилади, ҳимоя қилинади. Қайси соҳада диссертация ёқлаётган бўлсангиз, у янгилик олиб келсин. Ўзингиздан аввалги муаллифларнинг гапини қатор-қатор келтириб, «у ундоқ деган, буниси бундоқ» дейиш нотўғри ва илм қиламан деган тадқиқотчига ярашмайди ҳам. Аксинча, ўша фикрлардан мустақил хулоса чиқариб, бутунлай бошқа, илгари аҳамият берилмаган жиҳатга диққат қаратиш, янгиликни ўртага қўйиш муҳим. Негадир бизда шу томонларига урғу берилмайди-да, қандайдир тартибларга, қолипу андозаларга ёпишиб олинади.
Ўзбекистонга борганимда илмий ишлардаги саёзлик, тилга олишга арзийдиган янгилик йўқлигини кўриб, ғалати бўламан. Масалан, Хитойда менинг соҳамда 30 йил олдин қилинган ишлар бизда энди-энди ёзиляпти. Ҳалиям орқадамиз.
Илмий ишларга талаб ҳар жойда турлича. Ҳар бир давлатнинг ўз қоидаси бор. Ўзбекистонда эса негадир «обзор» қисмига зўр берилади. Асосий қисм – иш нима учун қилинаётгани эътибордан четда қолаверади.

Бир сафар Тошкентга борганимда PhD ишини кўрсатишди. Рости, Хитойда магистратура босқичида бундан-да сифатли, ҳажми ҳам дуруст ишлар ёзилади. Тўғри, бу ердаям кўчирадиганлар, ундан-бундан юлиб, юмалоқ ёстиқ қиладиганлар топилади. Лекин бу университетларнинг ўзига боғлиқ. Университет рейтинги, илмий раҳбар обрўси тадқиқотчининг қай даражада ишини уддалаганига боғлиқ. Талаба — илмий раҳбарнинг юзи. Мабодо, унинг иши плагиатда исботланса, раҳбарнинг ҳам обрўси тушади. Хитойда магистратуранинг 2 хили бор: амалиётчи ва илмни давом эттирувчи. Биринчиси кўпроқ амалиёт билан банд бўлса, кейингиси докторантурага босқичма босқич тайёрланиб борилади.
Ўзбекистонда PhD (Doctor of Philosophy) ва ScD (Doctor of Science) алоҳида-алоҳида ажратиб қўйилганига негадир тушунмайман. Бу, менимча, юқори лавозимда ишлайдиганлар илмий даражасини сақлаб қолиш мақсадида қилинди-ёв. Ҳаммаям етолмасин деган ният ётибди, шекилли. Ривожланган давлатларда эса бунинг тамоман акси: PhD фан доктори даражасига тенг.
Ҳаддан ташқари кўп мажлисбозлик ҳам илм қилаётган аксар ёш тадқиқотчини чарчатади, иш сифатига таъсир қилади. Хитойда бундай йиғинлар 3 босқичда бўлади. Биринчисида мавзуни очиб бериш керак, иккинчиси – ҳимоя олди ҳимоя дейилади. Бундан ва плагиатлардан ўтолса, аноним баҳо қўйишга юборилади. Исм-фамилия, ким эканингиз – ҳаммаси ўчирилиб, махфий тутилади. Агар А, А, D баҳо қўйилса, иш ўтмайди. Охирги босқич – ҳимоя. Бу шунчаки расмиятчилик эмас. Жуда жиддий жараёнлардан ўтилади. Масалан, ўзим бир марта шу босқичдан ўтолмаганман. Ҳаммасига ўзим айбдорман. Хатоларимни тўғрилашга 1 йил вақт беришган.

Энг асосийси, илмий иш – бу ҳар қандай соҳага янги нафас, факт, далил, ҳаво олиб кириши, айтилаётган фикр исботи билан бўлиши шарт.
Шокиржон Турсунов
Ўзбек тили ва адабиёти университети 2-курс магистранти
Илмий иш шундай бўлиши керакки, унда аниқ бир муаммога ёки муаммонинг бир қисмига ечим топилиши лозим. Муаммо деганда одам матнни ўқиётганда унинг миясида қандай жараёнлар кечади, мия қандай «юмушлар»ни бажаргач одам ўқиган, эшитган нарсасини тушунади каби ҳолатларни аниқлашни ҳам назарда тутмоқдаман. Ҳелсинки декларациясида шундай жумлаларни учратган эдим, «тиббиёт соҳасидаги илмий тадқиқот бирор касалликнинг пайдо бўлиш сабаблари, ривожланиш имкониятлари ҳамда оқибатларини тушунишга қаратилган бўлмоғи лозим. Маълумотларнинг барчаси ўша касалликдан сақланиш ва даволаш ишларига кўмак бериши шарт». Демак ҳар бир илмий иш охирида инсоният учун қандайдир фойда бўлиши лозим.
Илмий иш – масъулият. Унда айтилган ҳар бир ҳукмнинг қандайдир асоси бўлиши лозим. Ҳаттоки Алишер Навоий буюк ижодкор десангиз ҳам буни асослаб беришингиз керак. Илмий иш айнан шу жиҳати билан бошқа ишлардан, матнлардан ажралиб туради. Ҳозир илмий мақола ёки диссертацияни баландпарвоз жумлалар билан бойитиш тенденциясини шахсан кузатяпман, лекин буни илмийликка зарар етказувчи омил деб биламан.
Илм билан шуғулланиш ҳам худди ижод қилишга ўхшайди. Ўйлашимча, шоирлар туғма истеъдод соҳиблари бўлгани каби, илм билан шуғулланувчиларда ҳам қандайдир туғма қобилият бўлмоғи лозим. Масалан, муаммо кўра олиш, ҳис қилиш, ечим излашда собитлик.

Бундан ташқари илм шундай нарсаки, у сендан жуда ҳам кўп эътибор ва диққатни талаб қилади. Агар унга кераклича эътибор қарата олмасанг, бошлаган ишинг ё чала туғилади, ё ўлик.
реклама
реклама
Шахсан ўзимда ҳам бу ҳолат кузатилган. Илмий раҳбаримга мақола ёзиб олиб кирганимда бу илмий мақола бўлмабди деганларида ҳайрон қолган эдим. Кейинроқ ўша хатоларимни англаганман ва ҳозир бундай камчиликларга йўл қўйишдан қочаман. Ҳатто БМИ (битирув малакавий иши)мни ҳам магистрлик диссертацияси сифатида «қайта ишлаб чиқиш»га қарор қилганман. Биламан, ўша вақтларда илмга «хиёнат» қилган эдим. Етарлича эътибор бермагандим.

Куни кеча талабалар конференциясида шўъба модератори сифатида ишладим. 1 – 2-курс талабаларининг илмга қизиқишларидан қувонган бўлсам-да, уларнинг ёзиб келган ишларини ўқиб/тинглаб анчайин қийналдим. Кимдир объект танлашни билмаган бўлса, кимдир кўтармоқчи бўлган муаммосини ўзи тушунмайди. Менимча, сен ўзинг гапирмоқчи бўлган муаммони яхшилаб англаб олишинг зарур.

Масалан, бир талаба тил ўқитишдаги муаммоларни ечишга қаратилган самарали усуллар ҳақида ёзмоқчи бўлган, аммо ўзидан анча аввал оммага олиб чиқиб бўлинган ишни янгилик сифатида кўтариб чиқмоқда. Бу ерда икки нарса муҳим – муаллиф ўзи кўтараётган муаммони яхши ўрганмагани етмагандек, ўзи таклиф қилаётган усулнинг нима учун самарали эканини асослашга уринмаган ҳам. Шундай таклиф бердим. Ҳозир амалда бўлган бирор метод ёки технологияни оласиз, у ҳақида бироз тушунтириш бергач унинг камчиликларини санайсиз ва нега уларни камчилик деб ҳисоблашингизга асос келтирасиз. Шундан сўнг ўзингизнинг метод ва технологияларингизни таклиф қиласиз. Ҳар бирининг нимаси билан кучли эканини асослаб берасиз, тажрибалар ўтказиб натижаларини киритасиз. Илмий иш мана шундай ёзилмоғи лозим, ўйлашимча.
Материални Чарос Низомиддинова тайёрлади.
Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz».

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.



Сиз бирор қизиқарли воқеани биласиз ва уни бутун дунё билан баҳам кўрмоқчимиз? Ундай бўлса, ҳикояларингизни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг