Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 13 ёшли бола ис газидан заҳарланиб вафот этди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати.

11 декабрь куни соат 10:20 ларда шаҳарнинг Пахтазор маҳалласида яшовчи вояга етмаган 2009 йилда туғилган И.И. яшаш хонадонида газ плитасидан чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этди. Вояга етмаган 2013 йилда туғилган О.И. ва 2011 йилда туғилган Б. И. заҳарланиш аломатлари билан туман шифохонасига ётқизилди.

Тармоқларда бола оиланинг катта фарзанди бўлгани, бошқалари эса уларнинг укалари бўлгани, ҳозирда улар комада эканлиги айтилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда бир оиланинг уч нафар аъзоси, Хоразмда фуқаро ва унинг невараси, Бухоро вилоятида 5 кишилик оила, Тошкент вилоятида эр-хотин ва уларнинг 3 ойлик чақалоғи, Наманганда қайнона, келин ва набира, Фарғонада эр-хотин, Қашқадарёда 17 ёшли қиз, Хоразмда ижарада турган икки йигит, Жиззахда қария аёл ва унинг икки набираси ҳамда Бухорода 2-синф ўқувчиси ис газидан ҳалок бўлганди.