Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 850 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар бор, улардан 250 мингдан ортиғи меҳнатга лаёқатли ҳисобланади. 70 мингга яқини эса иш билан таъминланган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ўтказилган «Йилнинг энг яхши иш берувчиси» танловининг тақдирлаш маросимидан сўнг Нозим Хусанов ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди.

У интервью мобайнида бугунги кунда Ўзбекистонда инклюзив жамият яратиш борасида қатор муҳим ишлар амалга оширилаётгани, давлат раҳбарининг бир қанча қарор ва фармонлари қабул қилинганини таъкидлаб ўтди.

«Биламизки, бу йўланишда кўплаб лойиҳаларни йўлга қўймай туриб, янгилик қилиш жуда қийин. Вазирлик томонидан ўтказилган бугунги тадбирда ҳам ногиронлиги бор шахсларга таълим ва иш берувчи 6 та ННТга молиявий грантлар ажратдик. Улар орқали бир неча юзлаб ногиронлиги бўлган шахслар қўллаб-қувватланади. Шунингдек, ногирон фуқароларни ишга олган тадбиркорларимиз ўртасида ҳам танлов ўтказиб, бир қанчасини тақдирладик. Танловдан мақсад шуки, ишбилармонларни ҳам савобли ишга ундаш, ҳам уларга молиявий кўмак кўрсатишдир», — деди Нозим Хусанов.

Унинг қайд этишича, улар кунига 4−5 соат ишлай олади. «Таҳлилларга кўра, 70 мингга яқин ногиронлиги бор шахслар иш билан таъминланган. 100 мингдан ортиғида эса меҳнат қилиш истаги бор, давлат ривожига ҳисса қўшишни хоҳлайди», — деди ҳукумат вакили.


Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати.

Нозим Хусановнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахсларга иш беришни хоҳлаган тадбиркорларга субсидиялар ажратиш механизми йўлга қўйилган.

«Аксарият хориж давлатларида тадбиркорлар ногиронларни ишга олишга жуда қизиқади ва бунга иш берувчи сифатида шараф билан қарайди. Аммо бизда кўплаб тадбиркорлар бундан озгина чўчийди. Чунки ногиронлиги бор шахсни ишга олгандан сўнг унга алоҳида шароит яратиши керак, ўзига яраша талаблари бор. Лекин бугунги танлов ғолиблари бўлган тадбиркорларни ҳам ёнида юриб, бирга маслаҳатлашиб, молиявий кўмак кўрсатиш натижасида кўплаб ногиронларни ишга жойлаштирдик. Ўйлайманки, биз мана шундай ҳамкорликни кўпроқ амалга оширсак, сезиларли натижаларга эришамиз», — деди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазари.

У тадбиркорларни ногиронларга иш бериш ва қўллаб-қувватлашга чақирди, қолаверса, уларга йўл-йўриқ кўрсатиб, моддий томонлама ҳам рағбатлантиришга тайёр эканлигини билдирди.

Нозим Хусановнинг маълум қилишича, жорий йилда ногиронлиги бор шахслар бандлигини таъминлаш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилди. Дастур лойиҳасини тайёрлашда ногиронлар билан ишлайдиган ташкилотлардан ҳам таклифлар олинган. «Ушбу миллий дастур доирасида 2023 йилда 25 минг нафар ногиронни ишга жойлаштириш режалаштирилган. Агар тадбиркорларимиз таклифлар билан чиқишса, бу рақамлар бир неча баробарга ортиши мумкин», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» президент ташаббуси билан жорий этилган 2 фоизли квота асосида бу йил 960 нафар ногирон ОТМни тамомлагани, бироқ улар ишсиз эканлигига эътибор қаратганди. Қонунчиликка кўра давлат ташкилотлари уларга иш ўрни яратиши керак, аммо ташкилотлар иш сўраб борганларга рад жавобини бераётгани маълум бўлганди.