Андижон вилояти Асака туманида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходими ўз автомобилида икки нафар пиёдани уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.

9 декабрь куни соат 22:00 ларда вилоят ИИБ ЖХХ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходими Э. М. хизматдан сўнг туманнинг «Қашқар» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-112Э автомобиль йўлининг 2-километрида Spark автомобилида ҳаракатланиб кетаётган вақтда кўприк устидаги музлама йўлда транспорт воситаси сирпаниб кетган. Ходим руль бошқарувини йўқотиб, қатнов қисмининг четидан кетаётган икки нафар пиёдани уриб юборган.

Коллаж: Андижон вилояти ИИБ

Оқибатда 1994 йилда туғилган пиёда М. К. олган тан жароҳатлари сабаб шифохонада вафот этган. Шунингдек, 2004 йилда туғилган пиёда А. К. тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.