Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ва Юқори Чирчиқ тумани божхона қўмитаси билан ҳамкорликда олиб борилган текширувлар натижасида 2 нафар фуқаронинг дала ҳовлида яширин нарколаборатория ташкил этиб, «Мефедрон» синтетик наркотик моддасини тайёрлаб, сотиш билан шуғуллангани маълум бўлди. Бу ҳақда UzA агентлиги хабар берди.

Тафсилотларга кўра, дала ҳовлида 1 кг 12 гр «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси, кимёвий суюқликлар ва бошқа зарур ускуналар борлиги аниқланди.

Шунингдек, бу шахсларнинг бирига тегишли «кафе»да 18 гр «опий», 33 гр «гашиш» ва 2 гр «Мефедрон» наркотик моддалари топилди.

Аниқланишича, ушбу шахслар Telegram мессенжери орқали мижоз топиб, наркотик моддаларни хуфия жойларга яшириб кетиш орқали сотишган.

Тадбир давомида 15 та яширин жойга сотиш мақсадида 7 гр «Мефедрон» ва 8 гр «гашиш» наркотик моддалари яширилгани аниқланди.

Қонунбузарлар жиноий ҳаракатларига фарғоналик кимёгарни ҳам жалб этган. Наркотикларни хуфия жойларга жойлаштириш билан эса Юқори Чирчиқ туманида яшовчи шахс шуғуллангани маълум бўлди.