Ўзбекистонда энергетика инқирози юзага келишига сабабчи бўлганлар жазосиз қолмайди. Бу ҳақда 9 декабрь куни энергия ресурслари масалалари бўйича Республика штаби йиғилишида президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков маълум қилди, дея хабар берди ЎзА.

«Бизларни бу ҳолатга олиб келганлар сувдан қуруқ чиқиб кетмайди. Уларнинг баъзилари ҳозир ичимизда, йиғилишда ўтирибди» — Сардор Умурзаков.

Йиғилишдан олинган суратларда унга вилоят ҳокимлари, Вазирлар Маҳкамаси, бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, ички ишлар вазири Пўлат Бобожнов ва унинг ўринбосари, бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ва бошқалар видеоконференцалоқа орқали уланганини кўриш мумкин.

Сардор Умурзаков, шунингдек, «Ўзтрансгаз»га қарашли компрессор станцияларида ҳам жиддий камчиликлар мавжудлиги, жами 37 та агрегатдан 21 таси таъмирталаб эканлигини ҳам таъкидлади. У энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Ўзтрансгаз» раҳбари , Бекзод Норматовга барча агрегатлар зудлик билан ишчи ҳолатига келтиришни топширди.

«Носоз агрегатлар бошқа қурилмалар зўриқиш билан ишлашига олиб келиб, техник носозликлар келиб чиқишига ва истеъмолчиларни барқарор табиий газ билан таъминлаш имконини йўққа чиқаради», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳудудларда йўл қўйилган чеклов ва юз берган авариялар оқибатида электр энергиясининг узилиши аҳолининг эътирозига сабаб бўлмоқда. Масалан, Бухоро, Навоий, Фарғона ва Тошкент шаҳрида 1485 та маҳалла куннинг маълум бир вақтида электр таъминотисиз қолган. У «Ҳудудий электр тармоқлари» раиси Улуғбек Мустафоевга республика ҳудудларида аварияларни бартараф қилиш бўйича бригадалар сонини кўпайтириш ва аварияларни тўлиқ бартараф этиш чораларини кўришни топширди.

Сардор Умурзаков, шунингдек, кўмир етказиб бериш кўрсаткичлари Қашқадарё вилоятининг Кўкдала (20 фоиз) ва Қарши (38 фоиз) туманларида ҳамда Навоий вилоятининг Кармана туманида (22 фоиз) паст даражада қолаётганини ҳам қайд этди.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев, «Ўзбеккўмир» бош директори ўринбосари Эркин Якубов, «Ўзбекистон темир йўллари» бошқарув раиси Ҳусниддин Хасиловга кўмир етказиб бериш бўйича тасдиқланган етказиб бериш графиги ижросини қатъий таъминлаш топширилди.

Сентябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати томонидан иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлашни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилган, унга бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбай Раматов раҳбар этиб белгиланган эди. Ҳудудий комиссияларга ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосарлари бошчилик қилади.

Ўтган йили ҳам, аввалги йилларда ҳам шундай комиссиялар тузилган. 2020 йилда бош вазир Абдулла Арипов Тошкент туманларида, Очилбай Раматов эса Ўзбекистон вилоятларида куз-қиш мавсумига тайёргарликни ташкил этиш бўйича масъул этиб тайинланган.