Марказий банкнинг Киберхавфсизлик маркази (CERT-CBU) ўзининг cert.cbu.uz сайтини тест режимида ишга туширди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.

Марказий банкнинг янги тузилмаси тўлов тизимлари операторлари, кредит ва тўлов ташкилотлари фаолиятида аниқланган кибертаҳдидлар ва киберхавфсизлик ҳодисаларини огоҳлантириш ва уларнинг олдини олиш билан шуғулланади.

Шунингдек, сайт орқали банк соҳасида содир бўлган киберхавфсизлик ҳодисаси ҳақида хабар бериш, соҳадаги янгиликлар, дунёда кузатилаётган ҳодисалар ҳақидаги маълумотлар билан танишиш ҳам мумкин.

Ресурсда киберхавфсизлик атамалари луғати ҳамда маълумотларни ҳимоя қилиш ва рақамли инфратузилма бўйича фойдали маълумотларга эга билимлар базаси мавжуд.

Бу ерда Ўзбекистондаги молия институтларининг номлари ва савдо белгиларидан фойдаланган ҳолда сайтларга сохта ҳаволаларни ҳам текшириш мумкин.

Марказий банк сайт янги функциялар ва фойдали маълумотлар билан тўлдирилишини маълум қилди.