Тошкент вилояти прокурори Шавкатжон Раҳимов Ўзбекистон президенти Администрациясидан тармоққа ноқонуний уланган «Олмалиқ ғишт» ғишт заводини газ таъминотидан узмасликни сўради. Бу ҳақда 9 декабрь куни аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича республика штаби йиғилишида президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков маълум қилди, деб хабар берди ЎзА.

Йиғилишда газ қувурларида босимнинг меъёрдан пастлиги сабабли республика бўйича жами 462 та маҳалладаги қарийб 62 мингта хонадонга табиий газ етиб бормаётгани айтилди.

Шунингдек, вақтинчалик чекловлар киритилган бўлишига қарамай, газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари учраётгани жиддий танқид остига олинди.

«Мана, масалан, Олмалиқдаги ғишт завод газ ҳисоблагичлардаги онлайн модемни узиб, кўрсаткични „ноль“ қилиб қўйиб, газ тармоғига ноқонуний уланган. Энг қизиғи, ушбу ҳолат аниқлангач, вилоят прокурори Президент Администрацияси масъулларидан шу заводни тармоқдан узмасликни сўраган. Прокурорнинг манфаати борми, бундай ноқонуний уланишга?» — деди Сардор Умурзаков.

Олмалиқдаги ғишт заводи. Фото: Энергетика вазирлиги.

Администрация раҳбарининг таъкидлашича, ушбу завод эгаларининг Ангренда ҳам заводи бўлган. Бош вазир ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигадаги комиссия Олмалиққа келганини эшитиб, дарров Ангрендаги заводини ёпишган. Агар Ангрендаги заводда ҳам қонунбузилиш ҳолати аниқланса, бу бўйича ҳам алоҳида иш қўзғатилиши маълум қилинди.

«Бунақаларнинг орқасида кимлар турганигача топамиз. У ҳоким бўладими, прокурор ёки солиқчими, фарқи йўқ, тадбиркор билан тил бириктирган бўлса, жавобгарликка тортилади. Шунингдек, камида ҳудуд раҳбарларининг бепарволиги масаласи ҳам кўриб чиқилади», — деди Администрация раҳбари.

Бир кун аввал Энергетика вазирлиги 9 декабрга ўтар кечаси вазир бошчилигидаги махсус штаб томонидан ўтказилган рейд давомида «Олмалиқ ғишт» ғишт заводи томонидан газдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, газ таъминоти ташкилоти 29 ноябрь куни заводни газ тармоғидан узган, бироқ корхона газ таъминотига рухсатсиз уланиб олган.

«Корхона томонидан ноқонуний фойдаланилган табиий газ ҳажми 118 минг куб метрни ташкил этади. Ушбу ҳажмдаги табиий газ 5 мингга яқин ҳовли хонадоннинг куз-қиш мавсумида 1 (бир) кунлик истеъмолини ташкил қилади.Ҳолат юзасидан барча ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Олмалиқ шаҳар прокуратурасига топширилди. Ҳозирда дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Куннинг иккинчи ярмида «Газета.uz»га ўқувчиларнинг биридан завод томонидан газ ўғрилангани рад этилган хабар келди. Унга кўра, табиий газдан шартнома асосида истеъмолни ҳисобга олиш мажмуаси орқали фойдаланилган. Таҳририят ушбу факт бўйича қўшимча маълумот сўради.